Генерал-майор Пўлат Бобожонов қозоғистонлик ҳамкасби билан учрашди
-
Генерал-майор Пўлат Бобожонов
Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-майор П.Бобожонов ва Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазири, полиция генерал-полковниги К.Қосимов бошчилигидаги ҳар иккала мамлакат ИИВ делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтди.
Кун.уз сайтига кўра, бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар берган.
Учрашувда, шунингдек, ўзаро дўст икки давлат ички ишлар органларининг масъул ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ички ишлар вазирлари тадбир иштирокчиларига умумий мурожаатларида, жумладан, халқаро терроризм, экстремизм, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши, ноқонуний миграция, одам савдоси ва бошқа жиноятлар глобал хусусият касб этаётган ҳозирги пайтда дўстона муносабатда бўлган мамлакатларимизнинг ҳуқуқ-тартибот посбонлари яқин ҳамкорлиги, ўзаро тажриба алмашиш, биргаликда махсус операциялар ўтказиш, мунтазам ахборот алмашиш доимо диққат марказида бўлиши лозимлигини, бу борадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидладилар.
Икки томонлама учрашув чоғида кун тартиби доирасида биринчи даражали аҳамиятга молик бўлган бир қатор долзарб масалалар муҳокама қилинди. Жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида Ўзбекистон ва Қозоғистон ички ишлар органларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, биргаликда тезкор-қидирув тадбирлари ўтказиш, терроризм ва экстремизм кўринишларининг олдини олиш борасида иккала мамлакат Ички ишлар вазирликларининг ҳамкорлиги мулоқотнинг асосий мавзуси бўлди.