Андижон шаҳар ҳокими маҳаллий раҳбарларни яна сўкди (АУДИО)
Сўконғичлиги учун бир ой муқаддам шахсан Ўзбекистон бош вазири томонидан сўнгги огоҳлантириш олган Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев маҳаллий ташкилот раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларини яна ҳақорат қилди.
Бу ёзувни ОАВга тарқатган маҳаллий ташкилот раҳбарларидан бирининг айтишича, ҳокимнинг бу галги ҳақоратлари 15 май оқшомида шаҳардаги "Маржон" трикотаж ишлаб чиқариш фабрикаси ёнида бўлиб ўтган мажлис пайтида ёзиб олинган.
Йиғилишда қатнашган маҳаллий ташкилот раҳбарларидан яна бирининг айтишича, ҳоким маҳаллий ташкилот раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг бир нечтасини президент Мирзиёев ташрифи олдидан шаҳарни ободонлаштириш ишларига етарлича эътибор бермагани учун ҳақорат қилган.
Аудиоёзувда Дилмурод Раҳматуллаев шаҳарни ободонлаштириш ишларига одам олиб чиқмаган маҳалла раисларидан бири бўлган аёлга шундай дашном беради:
- Сиз ҳам бир тийинга қиммат аёл экансиз. Сариқ чақалик иш қилганингиз йўқ! Сариқ чақалик иш қилганингиз йўқ. Э маҳалла раиси бўлмай... шарманда қилдинг вилоят раҳбарлари олдида. Шарманда қилдинг! - дея аёлга ўшқиради Дилмурод Раҳматуллаев.
Андижон шаҳар ҳокими сўнгра, афтидан Санитария эпидемиология маркази бошлиғини ҳақорат қилишга тушади:
- Виждонсиз бола экансан. Сен менинг назаримдан қолдинг! Бир тийинга қиммат бола экансан! Худо урган боласан, эй ифлос! Битта СЭС ходими бўлгани йўқ, эй мараз! Амир Темур кўчасида юрдинг, эй ифлос, битта савдога тега олмапсан! Сўрасам, "Дукчи Эшондаман", дейсан. Дукчи Эшон ч...г-ку эй ифлос! Дукчи Эшонга ўзим ҳомий олиб бориб, ўзим қилдирдим, эй ифлос! - дейди Андижон ҳокими.
У айни мулозим, агар келгуси кунларда шаҳарни тозалаш ишларига одам чиқармаса, "бўғиб қўяман" дея таҳдид қилади.