Ӯзбекистон қамоқхоналарида сиёсий маҳбус йӯқми?
(last modified Sun, 20 May 2018 05:16:33 GMT )
май 20, 2018 10:16 Asia/Tashkent
  • Фахриддин Тиллаев (чапда) ва Нураддин Жуманиёзов
    Фахриддин Тиллаев (чапда) ва Нураддин Жуманиёзов

Тошкентдаги Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи 2014 йилда қамоқдаги сиёсий маҳкумлар сонини 12000 деб айтган эди.

Фахриддин Тиллаев Ўзбекистон қамоқхонасидан озод этилган энг сўнгги ҳуқуқ ҳимоячиси бўлган.

Бу ҳақда Ҳюман Райтс Уотчнинг Ўзбекистондаги вакили Стив Свердлоу ёзди.

"Фахриддин Тиллаевнинг озод этилиши билан Ўзбекистонда қамоқдаги инсон ҳақлари фаоли қолмади", - деб ёзди Свердлоу ўзининг Твиттердаги саҳифасида.

Айни пайтда HRW вакили мамлакат қамоқхоналарида ҳали минглаб "сиёсий айблар билан қамалган маҳкумлар бор"лигини таъкидлаган.

"Ҳукумат уларни реабилитация-тиббий ёрдам билан таъминлаши керак", - деб ёзган Стив Свердлоу.

Фахриддин Тиллаев Ўзбекистондаги норасмий "Мардикорлар касаба уюшмаси"га асос солган икки ҳуқуқ фаолининг бири.

У ва Нураддин Жуманиёзов 2014 йил мартида одам савдосида айбдор деб топилиб, узоқ йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилган.

8 йилу 3 ой муддатга қамалган Нураддин Жуманиёзовнинг 2016 йил декабрида 68 ёшида қамоқда вафот этгани хабар қилинган.

10 йилу 8 ойга маҳкум этилган Фахриддин Тиллаевнинг эса тергов жараёнида қийноққа тутилгани айтилган.

Мустақил "Мардикорлар касаба уюшмаси" марҳум президент Ислом Каримовнинг 2013 йилда меҳнат муҳожирларини "дангаса" деб аташини қоралаб чиққанди.

Каримовнинг ўзига йўлланган ва 51 киши имзо чеккан мактубда "бу ўз халқини севмайдиган президентнинг" гапидир, деб айтилган.

Мустақил "Мардикорлар касаба уюшмаси" Ўзбекистондаги ишсизлик ва паст маошлар боис юрт ичи ҳамда ташқарисида турли юмушларни бажариб, пул топаётган ўзбекистонликларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланган.

Фахриддин Тиллаевнинг озод этилиши Президент Шавкат Мирзиёев АҚШ сафарига отланган паллага тўғри келган.

Ўзбекистон қамоқхоналаридаги сиёсий айблар билан қамалган маҳбусларнинг сони борасида аниқ рақам йўқ.

Халқаро ташкилотлар бу тоифа маҳбуслар ҳақида гапирганда ЖКнинг 159-моддаси билан қамалганларни назарда тутишади.

Уларнинг аксарини диндорлар ташкил этади.

Ҳюман Райтс Уотч 2007 йилда Ўзбекистонда 7000 нафар сиёсий маҳбуслар борлигини айтган.

Москвадаги "Мемориал" гуруҳи эса 10000 деган рақамни келтирган.

Тошкентдаги Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи эса 2014 йилда қамоқдаги сиёсий маҳкумлар сонини 12000 деб айтган.

Ўзбекистон расмийлари мамлакатда сиёсий маҳкумлар йўқлиги, инсон ҳақлари ташкилотларининг рўйхатларида номи келтириладиган шахсларнинг барчаси ўзлари содир этган аниқ жиноятлар учун ўтирганини айтишади.

 

Ёрлиқ