Сел келиши оқибатида Навоий вилояти чорвадорларига катта зарар етган
-
Навоий вилояти
Шу кунларда Ўзбекистоннинг турли минтақаларида об-ҳаво инжиқликлари сабабли сел келгани ва турли оқибатларга сабаб бўлгани ҳақида хабарлар берилмоқда.
Ҳодиса Навоий вилояти Навбаҳор туманида содир бўлган, «Olchin Agro Eksport» МЧЖ ходимлари «Kun.uz»га видеолавҳа билан тақдим этган маълумотларни аслича келтиришга қарор қилдик.
«Барчамизга аёнки, табиий офат юзага келган ҳудудларда вазиятни назорат қилиш учун туман (шаҳар, вилоят) ҳокимлари маъсул бўлишади. Уларнинг асосий вазифалари табиий офат оқибатида етказилган зарарни аниқлаш, уни бартараф этиш ва келгусида табиий офат оқибатларини камайтириш бўйича комплекс чораларни ҳаётга татбиқ этилишини назорат қилишдан иборат.
Навбаҳор туманида бунинг аксига гувоҳ бўлдик. Сел келиб, орадан бир неча кун ўтганига қарамай, туман мутасаддилари томонидан табиий офат кўлами, унинг оқибатлари, етказилган зарар миқдори, қурбонлар бор-йўқлигига мутлақо қизиқиш билдирилмади.
Нобуд бўлган майда ва йирик чорва молларининг сонини аниқлашнинг имкони йўқ, бироқ чорва моллари сонига етказилган талофат йирик миқдорда, дейиш мумкин.
Сел оқибатида асосан иморатлар зарар кўрган бўлиб, унинг миқдорини аниқлаш биз учун мушкуллик туғдирмоқда. Бундай ҳолатларда, биз солиқ тўловчилар сифатида ҳокимиятдан бирор ёрдам кутишга ҳақлимизми, ёки «ўз ёғимизга қовурилиб» қолаверамизми», дейилади тақдимномада.