Ўзбекистонга Amnesty International ташкилоти вакиллари келди
ТОШКЕНТ, 22 май – Sputnik. 21 май куни Тошкент шаҳрига Amnesty International халқаро ноҳукумат ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Мари Струтерс бошчилигидаги делегация келди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, делегация Бош прокуратура, Олий суд, Ташқи ишлар, Ички ишлар, Адлия, Олий ва ўрта таълим вазирликларида учрашувлар ўтказади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази, Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтида бўлади, Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили билан учрашувлар ўтказади, шунингдек, Тошкент юридик институтига ташриф буюради.