Бухородан Туркманистонга ўтадиган чегара пости очилди
Бухоро вилоятининг Олот туманида жойлашган Олот чегара-божхона пости реконструкция қилиниб, бутунлай янгича қиёфа касб этди, деб хабар бермоқда Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.
Қайд этилишича, 18 млрд сўмдан ортиқ маблағ эвазига бажарилган кенг кўламли қурилиш ва реконструкция ишларидан сўнг, эндиликда мазкур чегара пункти орқали сутка давомида ўртача 700-900 нафар фуқароларнинг давлат чегаралари орқали қатнови ҳеч бир муаммосиз амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, бир кунда 250 тадан 400 тагача юк ва енгил транспорт воситалари давлат чегарасидан ўтказиляпти.
Ушбу чегара-божхона постининг очилишида вилоят ташкилотлари раҳбарлари, божхона хизмати ходимлари ва чегарачилар, Олот ва Қоракўл туман фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган.