Навоийлик оналар: Пичоқ суякка қадалди
Навоийда диний экстремизмда айбланиб қамалган ва тергов вақтида қийноқларга тутилгани айтилаётган маҳкумларнинг яқинлари Президент ва халқаро ташкилотларга мурожаат билан чиқди.
Уларнинг айтишича, Ўзбекистондаги тегишли идоралар муаммога эътибор қаратмаяпти, ёзганлари эса Президент Мирзиёевга етиб бормаяпти. Намойишларга эса рухсат берилмаган.
"Биз бир гуруҳ бағри қон бўлган ота-оналар, яқинларимиз ИИБ, МХХ ва прокуратура ходимлари томонидан ноҳақ зулм ва зўравонликка учраб суднинг ғайриқонуний ҳукми билан қамалиб қолганидан, икки йилдирки панжара ортида ўтириб, аёвсиз калтакланаётганидан, турли қийноқлар қўлланиши ортидан соғлигидан айрилиб қолаётганидан норози бўлиб, республикамизнинг жамики тегишли идораларига ва Сизнинг номингизга муҳтарам президент, тинимсиз равишда шикоятлар йўллашимизга қарамай, қонуний тартибда ўрганишлар олиб борилмаслиги оқибатида яқинларимизнинг ҳуқуқлари аёвсиз поймол этилаётир", дейилади унда.
Мурожаатдан маълум бўлишича, адолат излаб юрган бу фуқароларни Олий суд раиси ва Бош прокурор қабул қилиб масалани қайта кўриб чиқишга ва адолатли ечим беришга ваъда берган.
Шундай бўлса-да, бу ваъдалар бажарилмай қолмоқда. Иш кўриб чиқиш учун Навоий вилоятига юборилмоқда. Навоийдаги мутасаддилар эса тергов давомида қийноқлар асосида олинган хулосаларга таяниб жавоб бермоқда.
"Биз ўз президентимизга овозимизни қандай етказайлик ахир? Тинч йўл билан намойиш ўтказишимизга ҳаттоки рухсат беришмаяпти! Қани адолат? Қани қонун устуворлиги? Биз оналар қачонгача сабр қилайлик? Пичоқ суякка етди-ку ахир". дейилади мурожаатда.
Улар сиёсий ҳуқуқи бўлмиш норозилик намойиши ўтказишдан маҳрум бўлаётганини билдирган.
"Мамлакатимизда бунга рухсат йўқ экан биз оналар Франция, Англия мамлакатларига ҳам бориб ўтказишга тайёрмиз бу норозилик намойишини! Фарзандларимиз учун барчасига тайёрмиз", дейилади мурожаатда.