Мирзиёев болалар меҳнати туфайли мамлакат обрўсига путур етишидан хавотирда
(last modified Sat, 02 Jun 2018 05:17:36 GMT )
июн 02, 2018 10:17 Asia/Tashkent
  • болалар меҳнати
    болалар меҳнати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев пахта теримида мажбурий ва болалар меҳнатидан воз кечишни талаб қилди. Унинг сўзларига кўра, бундай тажриба мамлакат нуфузига путур етказади. 29 май куни ўтказилган видеоселекторда айнан шу ҳақида гап борди, деб хабар беради Kun.uz.

Фарғона. сайтига кўра, «Бутун дунё ҳозир болалар меҳнати деб, ўзимизни ўзимиз аҳмоқ қилиб юрганмиз. Қаерга бормасак, болалар меҳнати. Ундан 2-3 миллиард фойдами, ёки ундан кўра обрўни, сиёсатимизни жойига қўйиш керакми. Абдулла Неъматович (Арипов), сизга бир ой муддат. Ўтган йилги тажрибани қўллаш лозим. Ҳеч қандай, биронта болалар меҳнати, мажбурий меҳнат керак эмас», – деган президент.

Шунингдек, Мирзиёев бюджет ташкилотлари ходимларини пахта теримига ёллашга қарши чиқди. «Бюджет ташкилоти ҳеч қачон пахтага тегмайди, далада пахта ёниб кетса ҳам теккиздирмайман. Кимга керак пахта? Корхонага керак. Қайси корхона? Қайта ишлайдиган. Ўзини одамлари, ўзи бориб, пул тўласин, ўзи йиғсин», – деб қўшимча қилди Мирзиёев.

Ўзбекистон учун пахта – стратегик хом ашё ҳисобланади. Мамлакат пахта етиштириш ва уни сотиш бўйича дунёнинг олдинги ўнта мамлакатлари қаторидан ўрин олган. 2017 йили Ўзбекистонда 2,9 млн.тонна пахта ҳосили етиштирилган. Советлар даврида ҳам “оқ олтин” теримига юз минглаб, пахтага алоқаси йўқ - ўқитувчилар, талабалар, шифокорлар, ташкилот ходимлари сафарбар қилинарди. Яқин кунларгача пахта далаларида катталар қатори болағат ёшига етмаган ўсмирлар ҳам пахта теришга мажбур қилинарди.