Сенаторлар “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида“ги қонунни маъқуллади
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида, хорижий давлатлар тажрибасини инобатга олган ҳолда, “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида“ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. 28 июнь куни иш бошланган Сенатнинг XV ялпи мажлисида ушбу масала ҳам муҳокама қўйилди.
Kun.uz мухбирининг хабар беришича, 5 та боб ва 32 моддадан иборат қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
“Қонуннинг мақсади эсктремизмга курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, унинг асосий вазифалари шахс, жамият ва давлатнинг эсктремизмдан хавфсизлигини таъминлаш, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, фуқаролар тинчлигини, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни сақлаш ҳисобланади“, дейди сенатор Бойматжон Расулов.
Қонунда экстремистик фаолият (экстремизм), экстремистик гуруҳ, экстремистик материал, экстремистик ташкилот ва экстремизмни молиялаштириш каби тушунчалар қўлланиб, экстремизмга қарши курашишнинг принциплари ва бу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари мустаҳкамлаб қўйилган.
Маълумот учун, 2017 йил 9 июнь куни Қозоғистон Республикаси Остона шаҳрида ўтказилган Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши мажлисида Ўзбекистон Республикаси томонидан ШҲТнинг “Экстремизмга қарши курашиш Конвенцияси“ имзоланганди.
Шундан сўнг, 2017 йил 15 июнда Конвенция меъёрларини имплементация қилишга оид президент фармойиши қабул қилинди. Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида эсктремизм таҳдидларининг олдини олиш, унга қарши курашиш ва бартараф этишга қаратилган “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланганди.
Шу тартибда, Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 3 апрелдаги қонуни билан Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг “Экстремизмга қарши курашиш Конвенцияси“ ратификация қилинганди.