Ўзбекистонда кўп нарсага муносабат ўзгарди, лекин соқолга келганда...
(last modified Mon, 02 Jul 2018 08:05:04 GMT )
июл 02, 2018 13:05 Asia/Tashkent
  • Отабек Нуритдинов (чапда)
    Отабек Нуритдинов (чапда)

Лондонда иқтисодчи бўлиб фаолият юритаётган ўзбекистонлик Отабек Нуритдиновнинг айтишича, Ўзбекистон телевидениеси ҳамкорлик илинжида у билан боғланган, аммо унинг соқоли муаммо бўлишини билдирган.

Нуритдинов етти йилдирки оиласи билан Британияда яшайди. У ташқи ва ички аудит соҳасида фаолият олиб боради.

Унинг ўз Фейсбук саҳифасида ёзишича, "Ёшлар" каналининг журналисти унга Телеграм орқали чиққан:

" - Отабек ака, ассалом алайкум. Мен Ёшлар каналидан (фалонча). Хабарингиз бор, 30 июнь Ёшлар куни деб эълон қилинди, шунга қисқа видео табрик тайёрлаб юборсангиз.

- Хўп, қўлдан келганча тайёрлаб юборамиз.

- Соқолдамасмисиз?

- .... Муаммо бўладими?

- Ҳа-да.

- Майли, узр унда..."

"Бизда кўп нарсага ўзгариб бораётган омма муносабати шу соқолга келганда инжиқлик қилиши одамни ҳайрон қолдиради", - деб ёзади Нуритдинов.

У ўз суҳбатидан илҳомланиб шеър ҳам битди ва ўз саҳифасида чоп қилди:

Салом ака, қандайсиз,

Юрибсизми чарчамай?

Биз танишмиз, исмим **,

Эсладингиз, ҳарқалай?

Иш жойим "Ёшлар" ТВ,

Ёшларгадир хизматим.

Хуллас, энди гап чўзмай

Сизга айтай мақсадим.

Хабарингиз бор, юртда

Ёшлар куни бўлади.

Шу куни ёшларимиз

Кўнгли жуда тўлади.

Шу кунга атаб лавҳа

Тайёрлашни ўйладик.

Унда сиздек акадан

Табрик олиш кўзладик.

Ҳозир юртда жуда кўп

Ўзгаришлар бўляпти.

Эскича фикрлилар

Ўрнин ёшлар оляпти.

Биз ёшлар ватан учун

Ишлаяпмиз тинимсиз...

Ҳа айтгандай, мабодо

Соқолли эмасмисиз?

Ўзбекистон кундан-кун

Дунёга танилмоқда

Лекин шу соқол қургур

Оёққа ғов илмоқда.

Конвертация очилди,

Аеропортлар янгича

Визани бекор қилиб,

Сайёҳ кутяпмиз қанча.

Дунё билсин ўзбекни,

Ўзбеклар даврон сурсин.

Лекин соқол қўйганлар,

Индамайгина турсин.

Ие, иложи йўқми?

Афсус, нима қиламиз,

Сиз бўлмаса бошқа бир

Бесоқолни топамиз.