Муҳожир: Россияда фоҳишага борганим учун ВИЧ юқтирдим
(last modified Sun, 08 Jul 2018 05:05:57 GMT )
июл 08, 2018 10:05 Asia/Tashkent
  • Муҳожир: Россияда  фоҳишага борганим учун ВИЧ юқтирдим

Россияда пала-партиш жинсий алоқа билан шуғулланиш оқибатида Одам иммун тақчиллиги вируси (ОИТВ) юқтирган 33 яшар муҳожир¸ умидсизлик ва тушкунлик гирдобида қолгани¸ Россиядан ҳайдалиши¸ айни пайтда¸ Ўзбекистонга қайтса¸ камситишларга юз тутишидан қўрқувда эканини айтади.

Москва яқинидаги қурилишлардан бирида 33 яшар ишловчи ӯзбекистонлик  меҳнат муҳожирининг  ҳикоя қилишича¸ (исми унинг илтимосига кўра сир тутилмоқда) ўтган ҳафта тиббий кўрикдан ўтганида шифокорлар ўзида ОИТВ инфекцияси борлигини айтишган.

Бундай вирус билан у Россияда яшаш ва ишлашга рухсат ололмаслиги, Ўзбекистонга қайтса¸ камситишларга юз тутиши мумкинлигидан қўрқаётганини айтади:

- Мен ҳозир икки ўт орасида қолдим. Россияда ҳозир ОИТВга чалинганларни ватанига бадарға қилаяпти. Ўзбекистонга қайтсам¸ у ерда Россиядан келганларни мажбурий тиббий текширувдан ўтказишар экан. ОИТВ билан мени ва оиламни тинч қўйишмайди. Ўзбекистонда ҳеч ким ишга олмайди. Бу ерда қолишимга ҳам рухсат беришмайди. Ҳаёт мен учун тугагандай бўлаяпти, - дейди икки фарзанднинг отаси  бўлган ўзбекистонлик муҳожир.

Россия ва бошқа мамлакатларда меҳнат қилаётган муҳожирлар орасида пала-партиш жинсий алоқада бўлиш оқибатида турли юқумли касалликлар, жумладан, ОИТВга чалиниш ҳолатлари кўпайган.

ОИТВ вирусини юқтирган ўзбек муҳожири ҳам ўзининг ҳимояланмаган секс туфайли шу дардга чалинганини айтади:

- Бу ерда кўпчилик оиласидан узоқда, ҳар хил аёллар билан муносабатда бўлишга тўғри келади.  Мен ҳозир шу ерда юрган барча юртдошларимга презервативсиз аёлга яқинлашмасликни қаттиқ тавсия қиламан. Чунки, ҳозир ўзимни бошимдан ўтганини ўзим билаяпман, - дейди ОИТВга чалинган ўзбек муҳожири.

ОИТВ, сифилис ва сил касалига чалинган муҳожирлар Россиядан депортация қилинмоқда.

Ўзбекистонда эса ватанига қайтган ҳар бир меҳнат муҳожири мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, дунё бўйича одам иммун тақчиллиги вирусини юқтирган беш миллиондан ортиқ киши қайд этилган.

Ҳар йили ушбу хасталикка чалинганларнинг 1,5 миллион нафари ҳаëтдан кўз юммоқда.

Кейинги йилларда ташқи миграция туфайли ушбу хасталикнинг Ўзбекистонда кўпайиши кузатилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра¸ ОИТВ юқтирган муҳожирларнинг энг кўпи Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларидир.

Ёрлиқ