Ўзатом агентлиги ташкил этилади
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Атом энергетикасини ривожлантириш агентлигини («Ўзатом») ташкил этиш ҳақидаги қарорни имзолади.
Агентлик мамлакат аҳолиси ва иқтисодиётининг электр энергияга ортиб бораётган эҳтиёжини қондириш ва энергетика тармоғини диверсификациялаш ва ишлаб чиқарилувчи қувватларни ошириш ҳисобига барқарор энергия таъминотини таъминлаш мақсадида яратилмоқда.
“Ўзатом” атом энергетикасини ривожлантириш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги ягона давлат сиёсати ҳамда стратегик йўналишларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун жавобгар давлат идораси бўлади.
Янги агентликнинг асосий вазифалари ва йўналишлари билан атом энергиясидан тинчлик йўлида фойдаланиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари бўйича таклифларни тайёрлаш белгиланган.
“Ўзатом”, Ўзбекистон Фанлар академияси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитасига бошқа вазирликлар ва маҳкамалар билан бирга қуйидагиларни:
2018 йил 20 декабргача 2019−2029 йилларда Ўзбекистонда атом энергетикасини ривожлантириш концепцияси лойиҳаси;
2019 йил 1 июнгача Ўзбекистонда юқоридаги концепцияга мувофиқ равишда атом энергетикасини ривожлантириш бўйича инвестицион лойиҳалар портфели;
2019 йил 1 ноябргача 2019−2029 йилларда Ўзбекистонда атом энергетикасини ривожлантириш давлат дастурини ҳамда концепция ва дастурни ўз вақтида амалга оширишни таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни тайёрлаш ва тасдиқлашга киритиш топширилган.
Қарор билан Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетига атом энергетикаси соҳасида юқори малакали кадрларни тайёрлаш учун қабуллар квотасини тасдиқлаш белгиланган. Талабаларнинг атом энергетикаси бўйича ихтисосликлар бўйича хорижий таълим муассасаларида ўқиши ва малака оширишини ташкиллаштириш режалаштирилган.