Шавкат Мирзиёев Ҳиндистонга боради
(last modified Sun, 05 Aug 2018 05:04:07 GMT )
август 05, 2018 10:04 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёев Ҳиндистонга боради
    Шавкат Мирзиёев Ҳиндистонга боради

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг куз ойида Ҳиндистонга давлат ташрифи билан боради. Бу ҳақда вазирлик Матбуот хизмати хабар бермоқда.

4 август куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мамлакатимизга бугун ташриф билан келган Ҳиндистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Сушма Свараж билан учрашди.

ТИВдаги учрашув чоғида ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари умумий кун тартибининг асосий масалаларини муҳокама қилдилар ҳамда халқаро ва минтақавий муаммолар борасида фикр алмашишди.

Суҳбатда эътироф этилганидек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг 2018-йил 9-июнь куни Синдао шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммити доирасидаги учрашуви якунлари барча йўналишлар бўйича икки томонлама муносабатларга янги динамика бериш учун икки давлат етакчиларида мустаҳкам сиёсий ирода мавжудлигини яна бир бор исботлади. Икки томоннинг ҳам сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, туристик, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ошириш учун мавжуд бўлган улкан имкониятларни амалга ошириш борасида биргаликда ишлашга тайёр эканлиги таъкидланди.

Вазирлар Ўзбекистон раҳбарининг кузда Ҳиндистонга бўлажак давлат ташрифига тайёргарликнинг амалий жиҳатларини кўриб чиқдилар.

Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнига ҳамда унинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўмаклашиш бўйича Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳамкорлигининг истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг Ҳиндистонга расмий ташриф бўйича ҳам музокаралар олиб борилаётгани ҳақида Ҳиндистон Давлат Ташқи ишлари вазири Мубашшир Жавад Акбар Тошкентда ўтказилган халқаро анжуман давомида маълум қилганди. Ҳиндистонлик амалдорнинг таъкидлашича, ушбу учрашув жорий йилнинг куз ойларида амалга оширилиши мумкин.

Ёрлиқ