Подполковникнинг қотили ким?
(last modified Wed, 08 Aug 2018 14:52:46 GMT )
август 08, 2018 19:52 Asia/Tashkent
  • Подполковникнинг  қотили ким?

Гумондор ушланган, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг маълум қилишича, 1985 йилда туғилган Рустам Абдуллаев шу йилнинг 4 август куни ИИББ бошқарма бошлиғи, подполковник Д. Акрамовни ўз хизмат хонасида ўлдирганликда гумон қилинмоқда.

Гумондор ушланган, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмонова гумондорнинг ўзини ўлдиришга ҳаракат қилгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Унинг сўзларига кўра, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ҲБП ( ҳуқуқбузарлик ва профилактика бўлими-таҳр) катта инспектори Рустам Абдуллаев ИИВ тизимида 2009 йилдан буён ишлаган.

39 ёшли ички ишлар подполковниги Дилшод Акрамовнинг жасади 4 август куни 2110 ларда Миробод тумани, Т.Шевченко кўчасида жойлашган ИИВга қарашли ППХ (пост-патрул хизмати) ва ЖТСББ (жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси-таҳр) биносининг иккинчи қаватидаги ўз хизмат хонасида қотиллик аломатлари билан топилган.

Жиноят иши юзасидан дастлабки тергов Бош прокуратура "Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш" бошқармаси томонидан олиб борилмоқда.

Бош прокуратура матбуот хизмати терговнинг қотиллик бўйича расмий фарази борасида маълумот бермади.

"Жиноят-процессуал қонунчилигига биноан, тергов ҳаракатлари йўли билан воқеанинг ҳақиқий ҳолатлари аниқлангунга қадар ҳеч бир версия овоза қилиниши мумкин эмас. Тергов сири нуқтаи назаридан", - деб айтди Бош прокуратура вакили Би-би-сига.