Она юртига виза ололмаётган ӯзбеклар
-
АҚШ фуқароси Исоқжон Зокиров.
Ўзбекистонга сайёҳлик визаларини олиш соддалаштирилгани ҳақидаги хабарлардан илхомланиб Тошкентга отланган асли ўзбекистонлик ўнлаб чет эл ватандошига сайёҳлик визаси берилмаётир.
Уларларнинг аксари муҳожирликда яшаб чет эл фуқролигини олган ва Ислом Каримовнинг 2014 йилда чиққан фармони билан ўзбек фуқаролигидан махрум этилган мухолифатчилар, ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар ҳамда уларнинг қариндошларидир.
Бир ой аввал Ўзбекистон дунёнинг 101 давлати фуқаролари учун е-виза тизимини жорий этди.
Ўзбекистон президентининг 4 июл кунги “Чет эл фуқароларининг Ўзбекистон Республикасига кириш тартибларини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, шу давлат фуқаролари Ўзбекистонга 20 долларга уч кун ичида виза олиб сафар қилишлари мумкинлиги айтилди.
Бундан ташқари президентнинг қарори транзит йўловчиларга Ўзбекистонда беш кунгача визасиз қолиш имтиёзини ҳам бериши билдирилди.
Бу тўрт йил аввал ўзбекистон ватандошлигини йўқотган 61 ёшли АҚШ ватандоши Исоқжон Зокиров учун ўн икки йиллик узилишдан сўнг ватанини зиёрат қилишга фурсат эди.
Лекин, Зокировга Ўзбекистонга сайёҳлик визаси берилмаган.
- Мен мухолифат сафларида бўлганим учун беришмаётгандир, лекин мен АҚШ ватандошиман, Ўзбекистон ватандошлигидан чиқарилганман. Бир сайёҳ сифатида бир ойга Ўзбекистонга бормоқчиман холос, у ерда узоқ қолиш ниятим ҳам йўқ, лекин менга виза беришмаяпти, - дейди Исоқжон Зокиров.
Ўзбекистонга сайёҳлик визаси ололмаётган фақат Зокиров эмас.
Британияда сал кам 15 йилдан буён яшаётган 81 ёшли хоразмлик олим Аҳмад Хожи Хоразмийга ҳам сайёҳлик визаси рад этилган.
Хоразмлик олим президент Мирзиёвенинг хорижда яшаётган ўзбекистонликларга қарата “қайтинглар” деган мурожаатидан илхомланиб, ватанини зиёрат қилиш учун Лондондаги ўзбек консуллигига сайёҳлик визаси олиш учун ариза топширгани, лекин рад жавобини олганини айтади.
- Топширдим, ўн кун бўлди жавоб йўқ. Кейин ўзим консулликка телефон қилдим, Тошкент ҳал қилади буни, биз бу ерда почталёнмиз холос, дейишди. Кейин паспортимни қайтариб беришди, виза йўқ, - дейди Аҳмад Хожи Хоразмий.
Ватанни зиёрат қилиш илинжида Мирзиёевнинг 2018 йил 4 июлда имзолаган қароридаги 101 давлат фуқароларига Ўзбекистонга 5 кунгача визасиз қолиш ҳуқуқини берувчи имтиёз билан Ўзбекистонга кирмоқчи бўлганлар ҳам бўлди, лекин улар Тошкентга киритилмай ортга қайтарилди.
Америкада яшаётган 31 ёшли тадбиркор Бобур Ҳасан ўтган ҳафта Москва орқали Тошкентга учиб келиб, 3 кунга Ўзбекистонда қолишни ният қилган эди.
Ўзбекистонга 50 миллион долларлик сармоя киритиш аҳдида бўлишига қарамай тадбиркор Тошкентга киритилмади.
Америкалик тадбиркор Бобур Ҳасан.
- Шу қарорга ишониб бордим Тошкентга. Беш кун эмас уч кунга транзит тўхтаб ўтмоқчи эдим. Токентда АҚШ паспортимни бердим, мен транзит йўловчи, Hyatt меҳмонхонасида зона резерв қилганман. Президент қарорини уларга пеш қилдим. Паспорт назорати ходими қаергадир чиқиб кетди ва келди ва сизни ўзбекистонга киришингиз тақиқиланган, деди ва мени келган учоғим билан Москвага қайтриб юборишди, - дейди Бобур Ҳасан.
Қўлида ўзбек паспорти билан бориб, Тошкент аэропортидан ортга қайтарилганлар ҳам бўлди.
Швецияда 58 ёшли ўзбек қочқини Муҳиддин Қурбонов 23 май куни Ўзбекистон ватандошлигидан маҳрум қилиниб, Тошкент аэропортидан қайтарилди.
Қурбоновга президент фармонига кўра, беш йил ичида Ўзбекистонда бўлмаганлиги боис ватандошликни йўқотганлигини маълум қилишган.
Швецияда яшовчи ўзбек қочқини Муҳиддин Қурбонов.
- Менинг қайтишимга асосий сабаб президент Мирзиёевнинг чақириғи бўлди. «Қўли қонга ботмаган бўлса келсин, ота-энасини олдига келиб яшайверсин», деган гаплари менга туртки бўлди, - дейди Муҳиддин Қурбонов.