Собиқ ватандошларга нега Ӯзбекистонга кириш визаси берилмаяпти?
Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум бўлган, бугунги кунда турли мамлакатларда яшаётган фуқаролик жамияти фаоллари 2014 йилнинг 16 июнь кунги Ислом Каримов томонидан имзоланган ПФ-4624 сонли Фармонни бекор қилишини талаб қилишган.
ОАВнинг бу саволига Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик бошқармасининг исми сир қолишини истаган мулозими алоҳида олинган шахсларга виза берилмагани юзасидан изоҳ беролмаслиги, лекин умумиятла аввал Ўзбекистон ватандоши бўлиб, расман чиққан ва бошқа давлат ватандошлигини олганларга ҳеч қандай истисносиз сайёҳлик визалари берилишини айтди.
"Ҳозир Ўзбекистонга сайёҳлик визаси 101 давлат фуқаролари учун жуда қулайлаштирилган. Е-виза тизими орқали уч кунда олиши мумкин. Олдин ўзбек фуқароси бўлган экан, уларга берилмайди, деган гап йўқ. Қўлида паспорти бўлса, ўзбек ватандошлигидан расман чиққан бўлса, бирон ишкал қилмаган бўлди, виза берилади. Энди айримлар киритилмаган бўлса, айримларга виза рад этилган бўлса бу дунё консуллик практикасида бор нарса. Ҳамма давлатда бор бу. Кимдир АҚШга ҳам киритилмай орқасига қайтарилиши мумкин," - деган Ўзбекистон ТИВ Консуллик бошқармаси мулозими.
Ўзбекистонлик журналист "Center - 1" нашри бош мухаррири Галима Бухорбоева фикрича, Каримов даврида қувғинга учраганларнинг Мирзиёев даврида ҳам ватанига киритилмаётгани иккита нарсага аниқлик киритди.
- Биринчидан Тошкент қочқинларнинг мамлакатга келишини хоҳламаяпти. Каримов даврида қувилганлар Мирзиёев ҳукуматига ҳам душман бўлиб кўрилмоқда. Иккинчидан 15 июлда кучга кирган қарор ҳали сиёҳи қуримасидан бузилаётганини кўриб турибмиз, - дейди Бухорбоева.
Айни пайтда Париждаги "Ўт юраклар" клуби раҳбари Мўътабар Тожибоева хорижда муҳожирликда яшаётган ва ўзбек фуқаролигидан маҳрум этилган инсон ҳуқуқ фаоллари мухолифатчи ва журналистлар номидан “Фуқаролигимизни тикланг, Она ватанимизга йўлни очинг!” деган мазмунда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат билан чиқди.
Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум бўлган, бугунги кунда турли мамлакатларда яшаётган фуқаролик жамияти фаоллари 2014 йилнинг 16 июнь кунги Ислом Каримов томонидан имзоланган ПФ-4624 сонли Фармонни бекор қилишини талаб қилишмоқда.