Акаси ва янгасини болта билан чопиб ўлдирган қотил 22 йилга қамалди
https://parstoday.ir/uz/news/uzbekistan-i36987-Акаси_ва_янгасини_болта_билан_чопиб_ўлдирган_қотил_22_йилга_қамалди
Бахтиëр Шукуров 12 август куни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси, иккинчи банди - ўта хавфли рецидивист томонидан қасддан одам ўлдиришда айбланди.
(last modified 2018-08-22T17:56:24+00:00 )
август 15, 2018 08:13 Asia/Tashkent
  • Акаси ва янгасини болта билан чопиб ўлдирган қотил  22 йилга қамалди

Бахтиëр Шукуров 12 август куни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси, иккинчи банди - ўта хавфли рецидивист томонидан қасддан одам ўлдиришда айбланди.

Самарқандда уй  талашиб акаси ва янгасини чопиб ўлдирган 46 ёшли Бахтиёр Шукуров қотиллик рўй берганидан беш ой ўтиб 22 йилга озодликдан маҳрум этилди.

- Олдин ўта хавфли рецидевист деб топилган бу киши. Жазони амнистия қўлланилмайдиган махсус тартибли кoлонияда ўтайдиган бўлди, - деди Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти судининг ўзини таништирмаган мулозими.

2018 йилнинг 14 март куни Каттақўрғон туман маркази - Пайшанба шаҳарчаси, Кумуштола кўчасидаги хонадонда рафиқаси ва 8 ёшли ўғли билан яшаган Бахтиёр Шукуров уйдан чиқиб кетишни талаб қилиб келган 58 ёшли акаси Абдуқаҳҳор ва 55 ёшли янгаси Мақсудани болта билан чопиб ўлдиргани ҳақида  хабар тарқалган эди.

- Бир биз эмас, бутун Пайшанба аҳли хурсанд. Амаким шунча қамалиб чиқиб ҳам унга ақл кирмади. Энди ҳам ақл кирмаса¸ бу ëғи унинг иши. Бу ёғига осонликча қамоқдан қутулолмайди, деб умид қилиб турибмиз, - дейди қотилнинг қариндоши.

Маълум бўлишича, Бахтиёр Шукуров 2003-2014 йиллар оралиғида қароқчилик ва қотиллик айбловлари бўйича бир неча марта қамалиб чиққан.

Охирги марта у 2014 йилда президент амнистияси асосида озод этилган.

Ҳозирда ака-ука ўртасида қонли талашувга айланган уйда қотилликда айбланиб қўлга олинган Бахтиёр Шукуровнинг рафиқаси ва 8 ёшли ўғли яшамоқда.