Бош прокуратура: Арипов енгил шикаст олган
Бош прокуратура Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ҳамда ҳукумат кортежи иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан баёнот берди.
Унда айтилишича, ҳодисада Бош вазир Абдулла Арипов "тиббий муолажа талаб этилмайдиган енгил шикаст" олган.
Расмий хабардан англашилишича, бош вазир ўринбосари ва "Ўзбекнефтгаз" ширкати раҳбари Алишер Султоновнинг жароҳати жиддийроқ.
Ҳодиса 20 август куни эрталаб соат 9.30ларда, "Қорасув-Бўка-Бекобод" автомобил йўлининг 92-километрида юз берган.
"Тиббиёт маълумотномасига кўра, йўл транспорт ҳодисаси оқибатида «Mercedes-Benz» русумли хизмат автомашинаси салонида бўлган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Ариповда тиббий муолажа талаб этилмайдиган енгил шикаст, Бош вазир ўринбосари А.Султоновда чап сон суяги чиқиши, чаноқ косачаси ёпиқ синиши, кўкрак қафаси 7-10 қовурғалари ёпиқ синиши, бош тепа соҳаси лат ейиши, Президент девони масъул ходими У.Қурбоновда ўнг қўл билак суяги ёпиқ синиши каби тан жароҳатлар, ҳайдовчи Р.Толиповда бош тепа соҳаси ҳамда ўнг елка, ўнг билак очиқ бўғими юмшоқ тўқималари лат ейиши каби жароҳатлар аниқланган", - дейилади расмий хабарда.
"Damas" автомашинаси ҳайдовчиси Б.Саидовда пешона соҳаси лат егани ва йўловчи А.Мелибоевда ўнг умров суягини ёпиқ синиши каби жароҳатлар аниқлангани айтилган.
Уларнинг барчасига тиббий ёрджам кўрсатилгани таъкидланади.
Бош прокуратура ва ички ишлар вазирлиги ҳодиса юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилган.
57 ёшли Абдулла Арипов Ўзбекистон ҳукуматига 2016 йил 14 декабридан буён раҳбарлик қилиб келади.