Самарқандда аёлларни фоҳишалик учун Туркияга олиб кетаётган жиноий гуруҳ қўлга олинди
(last modified Mon, 27 Aug 2018 19:21:03 GMT )
август 28, 2018 00:21 Asia/Tashkent
  • Самарқандда аёлларни фоҳишалик учун Туркияга олиб кетаётган жиноий гуруҳ қўлга олинди

Самарқанд халқаро аэропорти орқали Туркияга олиб кетилаётган ва одам савдосидан жабрланиши мумкин бўлган аёллар тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги расмий сайтида хабар берилди.

Маълумотда айтилишича, 15 август куни Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда аёлларни Туркияга юбориш билан шуғулланган жиноий гуруҳ қўлга олинган.

“Жиноий гуруҳ аъзоси бўлган самарқандлик Р.Б. одам савдоси жиноятидан мўмай даромад орттириш ниятида Навоий вилоятидан бўлган уч нафар чет давлатида ишлаш истагида бўлган, моддий муҳтож, ишсиз ва турмушидан ажрашган аёлларни топиб, уларни уй ишлари ёки савдо дўконларида сотувчи бўлиб ишлаш ҳақидаги алдовлар билан Туркия давлатига жўнатиб, уларни фоҳишаликда эксплуатация қилишни мақсад қилган”, дейилади хабарда.

Вазирлик матбуот хизматининг билдиришича, унга бу ишни амалга оширишга Туркияда яшаётган онаси Р.М. кўмаклашган.

Ҳозирги кунда Навоий вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан терговолди ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ёрлиқ