Президент топшириғи: Энди мансабдор шахслар якшанба куни ишга чиқмайди
(last modified Tue, 28 Aug 2018 04:20:38 GMT )
август 28, 2018 09:20 Asia/Tashkent
  • Президент топшириғи: Энди мансабдор шахслар якшанба куни ишга чиқмайди
    Президент топшириғи: Энди мансабдор шахслар якшанба куни ишга чиқмайди

Бугун, 27 август куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Президент девони ходимлари иштирокида йиғилиш ўтказилди.

«Kun.uz» манбаси маълумот беришича, йиғилишда бир қатор ташкилий масалалар кўрилган. Жумладан, яна бир бор мажлисбозликларга барҳам бериш ҳақида гапирилган.

Президент мажлислар вақтини ҳам камайтириш бўйича топшириқ берган — мажлислар вақти 1,5 соатдан ошмаслиги кераклиги белгиланган. Куннинг ноқулай пайтларида, тонг саҳарлаб ёки ярим кечада йиғилишлар ўтказиш қатъиян чекланиб, йиғилишга бевосита алоқаси бўлмаган корхоналар, идоралар ва жамоат ташкилотларининг раҳбар ва ходимларини, фермер ва тадбиркорлар умуман таклиф этилмайди.

Шунингдек, мансабдор шахслар энди шанба куни соат 17:00гача ишлаб, якшанба куни ишга чиқмайди.

Президент давлат мансабдорлари якшанба кунларида дам олиб, вақтини оиласи билан ўтказиши лозимлигини айтиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг баҳорида давлат раҳбари республика даражасидаги раҳбарлар учун «фавқулодда ҳолат» эълон қилиб, кучайтирилган тартибда иш олиб борилишини айтган эди. Шундан сўнг, давлат амалдорлари «24 соатлик режим»да ишлай бошлашганди.

Бундан олдинроқ йиғилиш давомида президент девони тузилмасида жиддий ўзгаришлар рўй бергани, Хайриддин Султонов ва Қаҳрамон Қуронбоев давлат маслаҳатчиси лавозимини тарк этгани хабар қилинганди.