Қирғизистон: Ўнгартоққа яна иккита вертолетда ўзбек милицияси десанти қўнди
(last modified Fri, 02 Sep 2016 13:00:32 GMT )
сентябр 02, 2016 18:00 Asia/Tashkent
  • Қирғизистон ва Ўзбекистон чегараси
    Қирғизистон ва Ўзбекистон чегараси

Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарасининг келишилмаган участкаси бўлмиш Ўнгартоққа 2 сентябрь куни яна иккита вертолётда ўзбек милицияси десанти келиб тушди.

Қирғизистон Давлат чегара хизматининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилишича, бу ерда 22 август куни қўққисдан пайдо бўлган Ўзбекистон ИИВ ходимлари таркибининг смена алмашуви амалга оширилди, уларга канистрларда ичимлик суви олиб келингди. Айни пайтда Ўнгартоғда 15-20 нафар ўзбек милицияси ходимлари бор. Ҳозирча давлат чегарасининг келишилмаган участкасидаги вазият ўзгаришсиз қолмоқда.Бу ҳақда Фарғона.ру хабар берган.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон Чегара хизмати 22 август куни Олабуқа чегара отряди “Кербен” чегара заставаси масъул бўлган Ўнгартоғдаги келишилмаган участкасида МИ-8 вертолётида Ўзбекистон ИИВ етти нафар ходими келиб тушганини маълум қилган. Қирғизистон ўша заҳотиёқ Ўнгартоққа қўшимча милиция кучларини жўнатиб, ўзбек милиционерларидан ҳудудни тарк этишни талаб қилган. Бироқ улар ўша жойда қолиб қирғиз томонидан Косонсой сув омбори яқинидаги милиция постларини олиб ташлашни талаб қилмоқдалар. Боз устига, ўзбек милиционерлари Ўнгартоғдаги радиолиния станциясининг тўрт нафар қирғиз ходимларини қўлга олиб, уларни чегарани бузишда айбламоқдалар.

31 август куни Қирғизистоннинг собиқ бош прокурори Азимбек Бекназаров Ўнгартоғдаги ўзбек ҳарбийларини ҳайдашга тайёр ўз отрядини тузмоқчи эканлигини билдирувчи видеозувини эълон қилди. Хабар берилишича, маҳаллий аҳоли орасида радиолиния станциясини мустақил равишда озод этишга чақириқлар янграмоқда.

Ёрлиқ