Дунёнинг ишлари қизиқ! Халқаро Ислом академиясида қизларнинг ҳижоби ечтирилди
Президент Мирзиёев фармони билан ташкил қилинган Тошкентдаги Халқаро Ислом академияси талабалари ҳижобини ечишга мажбурланди. Ҳижоби ечтирилган муслималар ўқишга парик кийиб келишга мажбур бўлмоқда.
Би-би-сига келиб тушган маълумотларга кўра, 100 дан ортиқ муслимага ҳижоб ёки ўқишни танлаш талаби қўйилган.
"Ҳар томонлама босим ўтказишди. Рўмолини ечмаган ётоқхонадаги талабаларнинг юкларини ташқарига олиб чиқиб қўйишган, ичкарига қўймаймиз, деб. Қаршилик кўрсатган талабаларга ўқишдан ҳайдалиш кўриб чиқилсин, деган мазмунда рапорт тайёрлаб қўйилган. Қизлар йиғлаб-йиғлаб ҳижобини ечишди. Бошига парик ва бўйнига шарф боғлаб боришибди", дейди босимга учраган талаба қизлардан бирининг яқини.
Унинг айтишича, ота-оналар шикоят қилишга ҳам қўрқиб қолишган.
"Бир қиз адлия вазирлигига шикоят қилган экан, вазирликдагилар бу топшириқ университетники эмас, тепадан келаётган буйруқлигини айтибди. Шунга нима қилишимизни ҳам билмай қолганмиз. Ҳижобни ечишга мажбур қилинганлар орасида Қуръон мусобақасида қатнашган қория ҳам бор экан".
Маълум бўлишича, университет мутасаддилари шарф билан бўйнини ёпишга ҳаракат қилган қизлардан уни ҳам ечтиришни талаб қилган.
"18-20 ёшли қизларга бунчалик руҳий босим кимга керак. Қизлар тинмасдан йиғламоқда. Шунчалик ҳам хўрлик бўладими инсонга нисбатан. Қизлар депрессияга тушиб қолган", дейди ҳодисадан таниш манбалардан бири.
Ислом академияси масъуллари талабаларнинг ҳижоб билан ўқишга қўйилмаётганини тасдиқлади.
"Ҳозир ҳижоб билан келиш муаммо бўляпти. Ҳозир битта бизнинг олийгоҳда эмасда бу нарса, ҳамма жойда шу муаммо", дейди Ислом академияси ходимларидан бири.
Адлия вазирлиги матбуот хизмати ҳижоб борасида талабаларнинг тўсиқларга дуч келаётгани борасида вазирликка мурожаатлар бўлганини тасдиқлади.
.Тошкентдаги Халқаро Ислом академияси шу йилнинг 16 апрелида Президент Шавкат Мирзиёевнинг махсус фармони асосида ташкил қилинган.
Собиқ Ислом университети негизида ташкил қилинган Халқаро академияга Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита муассислик қилади.
Унда Қуръон илмлари, ҳадис, ислом ҳуқуқи, ақида, тасаввуф, ислом иқтисодиёти ва молияси, халқаро муносабатлар, хорижий тиллар (араб, форс, инглиз, рус, урду, турк) ва бошқа халқаро миқёсда эҳтиёж мавжуд бўлган соҳалар бўйича малакали кадрларни тайёрлаш кўзда тутилган.
"Номи Ислом академияси бўлгани учун қизларимизни берган эдик. Бу ерда ҳижобига тўсиқ бўлмайди, деб ўйлагандик. Энди нима қилишни билмаяпмиз. Қизларимизни ўқишга юбормай қўяйлик десак, ундан ҳайдашади. Туни билан таҳажжуд намози ўқиб Оллоҳдан енгиллик сўраяпмиз", дейди қизи ҳижобини ечишга мажбурланган оталардан бири.
Ҳижоб можароси
Ўзбекистонда ҳокимият тепасига Шавкат Мирзиёев келиши билан диний эркинликлар берила бошланганди. Натижада Ўзбекистон Қуръон мусобалқалари ташкил қилинди. Ислом академияси ташкил қилинди. Ҳадис илми мактабларига асос солиш ҳақида хабарлар берилди.
Бироқ ҳукуматга динга, хоссатан, мусулмонларга нисбатан сиёсати сўнгги вақтларда Каримов давридагидек ҳолатга келаётгани кузатилмоқда.
Болаларга Қуръон ва тажвиддан дарс берган анъанавий ҳужралар аниқланиб, уларни юритганлар ва таълим олган болалар марказий телеканаллар орқали халққа сазойи қилинди.
Ҳукумат ўрта мактабларда бош кийимни тақиқловчи 666 рақамли қарорни қабул қилди.
Бу қарор асосида мактаблардаги ҳижоб ҳам тақиқланди.
Қарорга ўз муносабатини билдирган 30 га яқин блогер 24 августдан бошлаб 10 ва 15 суткалик маъмурий қамоқларга ташланди.
Facebookка киришда тўсиқлар пайдо бўлди.
Ҳижоб ва соқолга бўлаётган тазйиқларни Мирзиёевга меҳробдан туриб мурожаат қилган имом Фазлиддин Парпиев ишдан олинди.
BBC