Шавкат Мирзиёев АҚШ делегациясини қабул қилди
(last modified Thu, 20 Sep 2018 06:42:57 GMT )
сентябр 20, 2018 11:42 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёев АҚШ делегациясини қабул қилди
    Шавкат Мирзиёев АҚШ делегациясини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Миссисипи штати Миллий гвардияси қўмондони генерал Женсон Бойлз ва АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси Трент Келлини қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонларни самимий қутлар экан, жорий йил май ойида АҚШга расмий ташриф давомида бўлиб ўтган олий даражадаги самарали учрашув ва музокаралар мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликда янги даврни бошлаб бергани ва  уни аниқ мазмун билан бойитганини алоҳида таъкидлади.

Бугун кўп қиррали Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари изчил ривожланаётгани ва мустаҳкамланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.

Савдо-иқтисодий, инновация, инвестиция, фан ва техника, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда қўшма дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда. 

Учрашувда Ўзбекистон Миллий гвардияси ва тегишли идораларининг Миссисипи штати Миллий гвардияси билан, жумладан, жамоат тартибини таъминлаш ва фавқулодда вазиятларда тезкор ҳаракат қилиш соҳасида тажриба алмашиш, тренинг ва тадбирлар ўтказиш борасида амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Парламентлараро алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, Миссисипи штатининг етакчи корхоналари ва компаниялари билан савдо ва инновациялар, қишлоқ хўжалиги, таълим соҳаларида шерикликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Генерал Ж.Бойлз ва конгрессмен Т.Келли давлатимиз раҳбарига самимий қабул ва икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга доир аниқ ташаббуслари учун миннатдорлик билдирди.

Ёрлиқ