9 йил олдин бедарак йўқолган шахс Ўзбекистонга қайтарилди
2009 йил сентябрь ойининг бошларида Россия Федерациясининг Владивосток шаҳридан Ўзбекистон Республикаси томон йўлга чиққан поездда ота-онаси ва яқинларининг дийдорига интиққанча шошиб келаётган 19 ёшли Назмиддин Саипов ҳам бор эди.
Аммо кутилмаган вазиятлар уни ўз манзилига етиб келишига тўсқинлик қилди. Кутилмаганда у Қозоғистон ҳудудига етиб келганда поезддан қолиб кетган ва тўсатдан изсиз ғойиб бўлган, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси.
Йиллар давомида Н.Саиповнинг ота-онаси ва яқинлари у тушиб қолган поезд бекатини, унинг атрофларини ҳаттоки, Чимкент шаҳригача бўлган ҳудудлардан излаган. Уни топиш учун бормаган жойи, мурожаат қилмаган эшиги қолмади, аммо унинг дараги ҳадеганда ҳеч қаердан чиқмагач Н.Саипов расман бедарак йўқолган шахс сифатида эълон қилинган. Аммо 9 йил ўтиб, тўсатдан ижтимоий тармоқларда ўзи эндигина 27 ёшга тўлган расмда эса ундан ёши каттароқ кўринувчи, аҳволи танг ҳолатдаги Н.Саиповнинг расми пайдо бўлади.
Уни кўрган Навоий вилоятининг Нурота туманида жойлашган Нурбулоқ қишлоғининг аҳолиси расмдаги йигитни кўрибоқ танийди ва қувончи ичига сиғмай зудлик билан унинг ота-онасига хабар бергани боради. Расмни кўрган Н.Саиповнинг ота-онаси ва яқинлари зудлик билан ушбу расмни ким интернет тармоғига жойлаганини аниқлашга киришади. Н.Саиповнинг укаси Фазлиддин Саипов турли ижтимоий сайтлар орқали Қозоғистонда бўлган ўзбек фуқароларига илтимоснома ёзиб, акасини қаерда ва ким билан, қай аҳволда эканлигини аниқлашга ҳаракат қилади. Н.Саиповнинг отаси эса вужудида минг ҳаяжон ва йиллар давомида йиғилган соғинч билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирига ариза билан мурожаат қилиб, ҳолат ҳақида маълумот беради ва фарзандини уйга қайтаришда амалий ёрдам беришини сўрайди.
Ўз ўрнида, мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси ходимлари Н.Саиповни қидириб топиш чораларини кўради. Аниқланишича, ушбу расмни Ўзбекистондан вақтинчалик ишлаш учун Қозоғистон Республикасига борган Баҳриддин Ҳамидов телефонига суратга олиб, Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида бўлган укаси Нуриддин Ҳомидовга юбориб, ушбу расмдаги йигит ўзбек фуқароси эканлигини ва кўп йиллардан буён Қозоғистонда юрганлигини ҳамда унинг яқинларини топишга ҳаракат қилиб кўришини айтади. Акасининг гапларидан сўнг Н.Хомидов унинг расмни ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиб, Н.Саиповнинг яқинларини қидира бошлайди. Н.Саиповнинг тириклигидан ва қаерда эканлигидан яқинлари шу тариқа хабардор бўлган.
Н.Саиповнинг отаси Худойберди Ниёзов сабри етмай укасини олиб, ўғли расмга туширилган Жамбул вилоятининг Тароз шаҳрига борадилар. Н.Саипов бундан олдинроқ ён атрофидаги инсонларнинг сўзларидан уни қидираётганидан хабардор бўлади ва ўзи ишлаб юрган жойнинг эгасига ушбу хабарни айтиб, турган жойидан кетиб қолади. Шундан сўнг, Н.Саиповни топа олмаган отаси ва амакиси Ўзбекистонга қайтиб келиб, янги хабарни кута бошлашади. Бу вақтда эса вазирликнинг Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси ходимлари қонун доирасида лозим бўлган барча ишларни амалга ошириб, уни зудлик билан Ватанга қайтариш ишларини олиб бораётган эди. Дастлаб, Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига сўров хати юборган, бундан ташқари Н.Саиповни қидириб топиш учун Ўзбекистон Республикасининг Олмаота шаҳридаги бош консулхонаси ҳам Қозоғистоннинг Ички ишлар вазирлигига сўров хати билан мурожаат қилган. Ўз ўрнида, икки вазирлик Н.Саиповнинг аниқ манзилини топиш учун ҳамкорликда бир қатор тадбирлар ўтказдилар.
Шундай бўлсада, Н.Саиповнинг укаси ҳам қўл қовуштириб ўтирмай, интернет сайтлари орқали Қозоғистонда юрган юртдошларидан ёрдам сўрайди.
Орадан вақт ўтиб, ҳаракатлар ижобий самара бериб, Н.Саиповнинг аниқ манзили топилади. У Қозоғистон Республикаси Жамбул вилоятининг Тароз шаҳридаги бозордан топилган. Бунинг хабарини эшитган Н.Саиповнинг отаси ва амакиси у ушлаб турилган полиция маҳкамасига борган ҳамда айнан ўша ерда йиллар давомида соғинчга тўлган кўзлар бир-бири билан учрашган. Беихтиёр ота фарзанди билан учрашгани ҳақида оила аъзоларига хабар бериш мақсадида Навоийга қўнғироқ қилиб, Н.Саиповни онаси ва укаси билан телефон орқали гаплаштиради. Аммо суҳбат жараёнида Н.Саипов укаси Фазлиддинни таний олмаган, акасидан нима учун шу вақтга қадар ўзи ҳақида бирон-бир хабар бермагани сўраганида хеч қандай жавоб қайтармаган. Кейинроқ Н.Саипов ўтган 9 йил вақт оралиғида бошидан қаттиқ жароҳат олиб, соғлиги у қадар яхши ҳолатда бўлмаганлиги ва кўп ҳолатларни эслай олмаслиги маълум бўлди.
Н.Саиповнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати йўқолгани сабаб Ўзбекистон Республикасининг Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Олмаота шаҳридаги бош консулхонаси ёрдамида “Ватанга қайтиш гувоҳномаси” расмийлаштирилиб, жорий йилнинг 4 октябрь куни Н.Саипов яшаш манзилига қайтиб келиши таъминланди.
Ҳозирда Н.Саиповга Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси томонидан психологик ва тиббий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилди.