Ўзбекистондаги биринчи АЭСнинг интерактив лойиҳаси намойиш қилинди
(last modified Tue, 09 Oct 2018 09:16:40 GMT )
октябр 09, 2018 14:16 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистондаги биринчи АЭС
    Ўзбекистондаги биринчи АЭС

Росатом давлат корпорацияси ва Атом энергияси бўйича Халқаро агентлик (АЭХА) вакиллари ҳамкорлигида Ўзбекистон мутахассислари учун ўтказилган қўшма семинарда Ўзбекистонда қурилиши режалаштирилган биринчи АЭСнинг интерактив лойиҳаси намойиш қилинди.

Спутник.уз сайтига кўра, республикада биринчи атом электр станциясини қуриш қарори аҳоли фаровонлигини ошириш йўлида, ҳамда иқтисодий ўсишни таъминлаш мақсадида қабул қилинган. Хусусан, АЭС қурилиши келажакда Ўзбекистон аҳолисини барқарор нархдаги электр энергияси билан таъминлашга омил бўлади.

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, самарадорлик ва хавфсизликка замонавий ёндашувларни ҳисобга олган ҳолда, АЭС иши аҳолининг турмуш даражаси, иқтисодиётининг барқарор ривожланиши, мамлакатнинг илмий, техник ва кадрлар салоҳиятини ўсишига сезиларли ҳисса қўшади.

Ушбу режаларни амалга ошириш мақсадида, 2018 йилнинг 7 сентябр куни Москвада Ўзбекистон ва Россия ўртасида Россия лойиҳаси бўйича АЭС қуришда ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим имзоланди.