Владимир Норов Сергей Лавров билан мулоқот қилди
(last modified Tue, 16 Oct 2018 06:38:02 GMT )
октябр 16, 2018 11:38 Asia/Tashkent
  • Владимир Норов Сергей Лавров билан мулоқот қилди

2018 йил 15 октябрь куни Москвада Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори, республика Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари Владимир Норовни қабул қилди. 

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, учрашувда муҳим халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилган.

Қайд этилишича, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг амалий фаолияти билан боғлиқ масалаларга 2019 йил январь ойида ШҲТ бош котиби лавозимига Владимир Норовнинг киришиши ҳисобга олинган ҳолда эътибор қаратилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Владимир Норов жорий йил июнь ойи бошларида ШҲТ бош котиблигига тасдиқланганди. Ўзбекистон вакили бу лавозимда Тожикистон вакили Рашид Алимов ўрнини эгаллайди.

Норов 2019 йил 1 январидан 2021 йил 31 декабрига қадар ШҲТ бош котиби бўлади.

1955 йилда Бухорода туғилган Владимир Норов 2006 йил 12 июлдан 2010 йил 12 январгача – Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган.

У турли йилларда турли мамлакатларда элчи сифатида фаолият кўрсатган (1998—2003 йилларда — Ўзбекистоннинг Германиядаги, ўриндошлик асосида – Польша ва Швейцариядаги элчиси. 2005—2006 йилларда — Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчиси. 2013 йил 27 августдан — Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчиси. 2014 йилнинг 2 декабридан Ўзбекистоннинг Люксембургдаги элчиси).

У 2017 йил майида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтига директор этиб тайинланганди.