Росатом вакили Ўзатом бош директорининг биринчи ўринбосари бўлди
Виталий Юрьевич Драгунов Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги телеграм-канали хабар берди.
Драгунов шу кунга қадар “Росатом”нинг Марказий Осиё бўйича директори сифатида ишлаб келган.
Эслатиб ўтамиз, Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги президентнинг 2018 йил 19 июлдаги ПФ–5484-сон “Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан ташкил этилган.
“Ўзатом” агентлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси таркибига киради.
“Ўзатом” агентлигининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахслар, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.