Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми икки бараварга ошди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 22 октябрь куни Ўзбекистонда АҚШ бизнеси ҳафталиги тадбирларида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган Америка – Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм бошчилигидаги делегацияни қабул қилди
Спутник.сайтига кўра, Ўзбекистон раҳбари меҳмонларни самимий қутлар экан, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганини алоҳида мамнуният билан қайд этди.
Жорий йил май ойида АҚШга амалга оширилган олий даражадаги ташрифнинг самарали натижалари стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаш имконини берди.
АҚШнинг “Дженерал Электрик”, “Боинг”, “СиЭнЭйч Индастриал”, “Джон Дир”, “Ханивелл”, “Силверлиф”, “Уайт энд Кейс” ва бошқа кўплаб компаниялари билан савдо-иқтисодий, инвестиция ва инновация соҳаларидаги ўзаро ҳамкорлик кенгаймоқда.
Бугунги кунда машинасозлик, нефть-газ ва газ-кимё, электр энергетикаси, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларини қамраб олган қиймати 5 миллиард доллардан зиёд истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.