Диққат! Ўзбекистон қонунчилигида 1 ноябрдан нималар ӯзгаради ?
(last modified Thu, 01 Nov 2018 07:04:55 GMT )
ноябр 01, 2018 12:04 Asia/Tashkent
  • Диққат! Ўзбекистон қонунчилигида 1 ноябрдан нималар ӯзгаради ?

Ўзбекистонда 1 ноябрдан: энг кам иш ҳақи оширилади, савдо-сотиқ қилиш қоидалари соддалаштирилади, уннинг бозор нархлари жорий этилади.

Ўзбекистон қонунчилигида 1 ноябрдан бошлаб қандай ўзгаришлар кучга кириши ҳақида Norma.uz портали хабар бермоқда.

Биринчидан, энг кам иш ҳақи, пенсия ва стипендиялар ўрта ҳисобда 10%га оширилади. Бугундан бошлаб ЭКИҲ миқдори – 202730 сўм, ёшга доир пенсиялар ва ногиронларга болаликдан  бериладиган нафақалар миқдори – 396500 сўм, иж стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа – 243300 сўм этиб белгиланди.

Иккинчидан, савдо-сотиқ тартиби янада эркинлаштирилди. Нақд пул тушумини топшириш (инкассация) тартиби соддалаштирилади, корпоратив банк карталари ёрдамида ҳисоб-китоб қилганда эса олди-сотди шартномасини тузмаслик мумкин, бироқ инвойс (ҳисобварақ-фактура) расмийлаштириш зарур.

Товар-хом ашё биржалари биржада сотиладиган маҳсулотларни сақлаш ва логистика қилиш, шунингдек АКТни ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича шуъба хўжалик бирлашмаларини туза оладилар. Импорт бўйича олиб келинган юқори ликвидли маҳсулотлар эса ички бозорда чекловларсиз – биржа орқали ёки тўғридан-тўғри сотилиши мумкин (илгари – фақат биржа орқали);

Учинчидан, 1-нав буғдой уни нархини белгилашнинг бозор механизмлари жорий этилади. Эслатиб ўтамиз, 15 сентябрдан буён тартибга солинадиган улгуржи сотиш нархи – 1 кг учун 1 400 сўм амал қилиб келмоқда.

Тўртинчидан, ой бошидан бошлаб фармацевтика соҳасида янги қоидалар қўлланилади:

а) дори воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги гувоҳномаси ўрнига тегишли Давлат реестридан кўчирма берилади. Бундан буён рўйхатдан ўтишнинг амал қилиш муддатини узайтириш керак бўлмайди. Давлат реестрига маълумотлар киритилади ва унда доим сақланади;

б) дорихоналар ва унинг филиаллари «ангро» маҳсулотини (йирик қадоқдаги дори воситалари ва кейинчалик ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган хом ашё) сотишга ҳақлилар.

Бешинчидан, террористик, экстремистик тузилмалар сафига алдов йўли билан жалб этилган кишилар жиноий жавобгарликдан озод қилинади. Ушбу механизмнинг барча тафсилотлари ҳақидаги ҳужжат айни дамда муҳокама қилинмоқда.

Олтинчидан, ЙҲҚни бузганлик учун жарималар тўлашнинг биллинг тизими жорий этилади. Жарималар тўғрисидаги хабарлар SMS шаклида ёки почта орқали юборилади. «Маъмурий амалиёт» янги электрон комплекси ёрдамида ҳуқуқбузарлик содир этилган жойнинг ўзида ишларни кўриб чиқиб, жарима ундирилиши мумкин.

Еттинчидан, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Республика мақсадли китоб жамғармаси, шунингдек олий таълим муассасалари ҳузуридаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ҳудудий марказлар Халқ таълими вазирлигининг идоравий бўйсунувига ўтказилади.

Ундан ташқари, 5 ноябрдан - тўхтаб туриш жойларида ногиронлиги бўлган шахслар учун камида 5% бепул жойларни ажратиш талаби, 19 ноябрдан - хорижий автоташувчиларни ХЙТ дафтарчасидан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш асослари рўйхати ва 21 ноябрдан чет эл валютасида ифодаланган активлар ва мажбуриятларни ҳисобга олишнинг янги қоидалари кучга киради.