Ҳикматулло Тўраев Тошкент Гран-при турнирида олтин медални қўлга киритди
Тошкент шаҳрида ўтказилаётган дзюдо бўйича Гран-при турнирининг -73 кг вазн тоифасидаги баҳсларида Ҳикматулло Тўраев ғолиб бўлди.
Газета.уз сайтининг хабарига кўра, Тошкент шаҳрида ўтказилаётган дзюдо бўйича Гран-при турнири ўзининг энг қизғин палласига кирди. Бугун мусобақа доирасида эркаклар ўртасида -73 кг, -81 кг, аёллар ўртасида эса -63 кг ва -70 кг вазн тоифаларида баҳслар ўтказилди.
-73 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Ҳикматулло Тўраев турнир давомида Руминия, Швеция, Франция, БАА вакилларини мағлубиятга учратди ва финалгача етиб борди. Ҳал қилувчи жангда у германиялик Игор Вандткега қарши татамига чиқди ва қийин кечган баҳсда ғалаба қозона олди. Шу тариқа, Ҳикматулло ушбу Гран-прида терма жамоа ҳисобида дастлабки олтин медални қўшиб қўйди.
Эслатиб ўтамиз, кеча мусобақада -60 кг вазн тоифасида Диёрбек Ўрозбоев (кумуш), -66 кг вазнли спортчилар ўртасидаги баҳсларда эса Сардор Нуриллаев (кумуш) ва Шаҳрам Аҳадов (бронза) совриндорлар қаторидан ўрин олганди.