Фарғонанинг айрим туманларида одам ўлдириш ҳолатлари кўпайган
(last modified Sat, 17 Nov 2018 13:12:40 GMT )
ноябр 17, 2018 18:12 Asia/Tashkent
  • Фарғона
    Фарғона

Бугун Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш Республика комиссияси ҳамда Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Сенат ахборот хизмати хабарига кўра, таҳлил этилаётган йўналишда секторлар фаолияти ҳамда давлат ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги тўғри йўлга қўйилмаганлиги натижасида вилоятда қасддан одам ўлдириш, босқинчилик, одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси каби оғир жиноятлар сони Фарғона, Қўқон, Қувасой, Марғилон шаҳарлари, Олтиариқ, Қува, Бувайда, Боғдод, Бешариқ, Қўштепа, Тошлоқ, Сўх, Риштон Фарғона, Фурқат туманларида ошган.

Бундай нохуш статистик манзаранинг сабаблари таҳлил этилар экан, аксарият ҳолларда жиноятлар содир этилишига оилавий муносабатларнинг кескинлашуви, фуқаролар иқтисодий ҳолатининг ёмонлашуви, қолаверса, маҳалла ва жамоатчиликнинг нотинч оилаларга нисбатан лоқайдлиги сабаб бўлаётганлиги қайд этилди.

Шунингдек йиғилишда таълим муассасалари, Ёшлар иттифоқи, вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар ва бошқа мутасадди идоралар фаолияти ҳам кутилган натижаларни бермаганлиги қайд этилди. Жумладан, вояга етмаганлар ва ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар умумий жиноятларнинг қарийб учдан бири (38,3 фоиз)ни ташкил этган.

Кўнгилочар масканларида тунги вақтларда вояга етмаганларнинг бўлганлиги аниқланиб, уларнинг катта қисми мактаб ўқувчилари эканликлари қайд этилди.