25 ёшли ўзбек миллиардери ўз бойлиги сирини очди
-
25 ёшли ўзбек миллиардери ўз бойлиги сирини очди
Замон шиддат билан ўзгармоқда.Омадли, улкан муваффақиятларга эришган инсонларнинг сафи ҳам кундан кунга ортиб бормоқда.
Айнан шундай инсонлардан бири бизнинг ватандошимиз, миллиардер, инновацион лойиҳалар соҳиби, Ўзбекистон Либерал партияси фаол аъзоси,“ўзбек фарзандлари келажакда дунёга устун бўлиши ҳам фарз, ҳам қарз”ғоясини кенг тарғиб қилиб, кўплаб амалий мисоллар билан ўз ғояларини амалга ошириб келаётган бизнесмен Исроилов Иброҳим Равшан ўғли бугун сайтимиз меҳмони.
Нимадан илҳомландим?
– Мен ва менинг жамоам юртбошимиз яратиб бераётган кенг имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда жонажон Ўзбекистонимиз ва халқимиз учун янгилик яратиш мақсадида кўплаб изланишлар олиб бордик. 2018-йилнинг 7-июнида БААнинг Дубай шаҳрига бориб, у ердаги маҳаллий бозорларни ўргандик.Шунда эски танишларимиздан бирини учратиб қолдим ва у менга ўз маслаҳатини берди. БАА кенг қамровли сайёҳларни қабул қилувчи минтақа саналганлиги сабабли сифатли гўшт маҳсулотларига талаб юқорилигини,бундай маҳсулотларнинг асосий қисми хориж мамлакатларидан импорт қилиниши ва бу борада ҳалигача етишмовчиликлар мавжудлигини айтди. Шундан сўнг биз жамоамиз билан биргаликда бу соҳада чуқур изландик ва ҳақиқатан ҳам гўшт маҳсулотларига талаб юқорилиги ва бу соҳада фаолиятни йўлга қўйсак,яхши даромад олишимизни англадик. Биз бир қатор чорва ва паррандачилик фирмалари фаолияти билан танишдик ва қайси жониворни кўпайтириш билан шуғулланиш тўғрисида бош қотирдик.Ниҳоят энг тез етилувчи,сердаромад ва Ўзбекистон шароитида етиштирса бўладиган жонзот –туяқушни танладик.
Нега айнан туяқуш?
Бу жонивор ҳақида гап кетганда “Харажати қушдек, даромади туядек” деган ибора кўп ишлатилади. Ҳозир бу соҳага бутун дунё қизиқаяпти, десак муболаға бўлмайди. Бунинг аниқ сабаблари бор албатта.
Туяқуш антиқа жонивор ҳисобланиб, ўртача 70 йил умр кўради ва умри давомида 40-45 йил тухум қўйиб насл беради. Иссиққа ҳам, совуққа ҳам чидамли. Овқат танламайди.Энг муҳими шундаки 12-14 ойда 100-120 кг вазн тўплайди, шундан 70 фоизи тоза гўшт маҳсулоти бўлади. Гўшти кўринишидан мол гўштига ўхшаса-да, аслида ундан-да мазали, холестеринсиз, кўпгина касалликларда фойдали – жумладан, қандли диабет, саратон, юқумли касалликлар кабиларни енгишда инсон иммун тизимини яхшилайди.
Танасининг қолган 30 фоизидан ҳам хом ашё олинади. Хусусан – қимматбаҳо териси, момиқ патлари, жилвакор киприклари, олмос сайқаллашда ишлатиладиган тирноқлари тиббиётда қўлланиладиган кўзи ва ички ёғи харидоргир ҳисобланади.
Мақсадимиз нима?
Биз авваламбор шуни англаб етдикки, дунёда туяқуш гўшти ва маҳсулотларига бўлган талаб жуда юқори.Аммо бу фаолиятни йўлга қўйиш анча меҳнат талаб қилади ва якка тартибда ҳамда катта кўламда бу ишни амалга оширишнинг аниқ иложи йўқ.
Лекин бу ишни юртдошларимиз билан бирлашган ҳолда амалга оширсак, бир ёқадан бош чиқариб ишласак,ҳам халқимиз,ҳам давлатимиз жуда катта ва доимий даромад манбаига эга бўлиши аниқ. Бизнинг халқимиз бу соҳада етарли маълумотларга ва тажрибага эга бўлмаганлиги сабабли хориж тажрибасидан унумли фойдаланган ҳолда етук мутахассисларни жалб этиб, бепул ўқув курсларини ташкил этишни режалаштирмоқдамиз. Соҳага қизиққанларга Жанубий Африка Республикасидан туяқуш жўжаларини ва ветеренария воситаларини олиб келиб, имкониятимиз даражасида ҳар томонлама қўллаб қувватлаб, амалий ёрдам бериш истагидамиз.
Ҳозирги кунда биз бош офисимизда соҳага қизиққан инсонларга ёрдам бериб,туяқушчиликни ривожлантиришга бел боғлаганмиз. Бизнинг мақсадимиз яқин келажакда Ўзбекистонни туяқуш маҳсулотлари экспорт бўйича етакчи ўринларга олиб чиқиб, халқимиз даромадини янада оширишдан иборат!