Ўзбекистон - Саудия Арабистони сиёсий маслаҳатлашувлари ўтказилди
2018 йилнинг 3 декабрь куни Ар-Риёд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси билан Саудия Арабистони подшоҳлиги Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг учинчи раунди ўтказилди, деб хабар бермоқда ТИВ матбуот хизмати.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Ахатов ва Саудия Арабистони ташқи ишлар давлат вазири Низор Маданий бошчилигидаги икки мамлакат делегациялари ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама муносабатларни ривожлантириш истиқболлари тўғрисида ҳамда халқаро ва минтақавий масалалар бўйича ўзаро қўллаб-қувватлаш юзасидан фикр алмашилди.
Барча даражаларда Ўзбекистон – Саудия алоқаларини фаоллаштириш, қўшма ҳамкорлик тузилмаларининг навбатдаги йиғилишлари ўтказиш зарурлиги эътироф этилди.
Саудия томонига Ўзбекистонда ҳаётнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун янги имкониятлар берувчи кенг миқёсли ислоҳотлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Томонларнинг БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Саудия Арабистонида Ўзбекистон делегацияси Саудия инвестициялар бўйича агентлиги раиси Иброҳим ал-Умар ҳамда Саудия тараққиёт фонди маслаҳатчиси Юсуф ал-Бассам билан музокаралар ўтказди. Мазкур учрашувларда савдо-иқтисодий ва инвестицион соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.