Қодиржон Ботировнинг жасади Жалолободда эмас, Тошкентда тупроққа топширилди
(last modified Sun, 09 Dec 2018 05:57:39 GMT )
декабр 09, 2018 10:57 Asia/Tashkent
  • Қодиржон Ботировнинг жасади Жалолободда эмас, Тошкентда тупроққа топширилди

Украинанинг Одесса вилоятида 4 декабрь куни 62 ёшида вафот этган Қирғизистондаги ўзбек миллий маданий марказининг собиқ лидерларидан бири, йирик тадбиркор Қодиржон Ботировнинг жанозаси 8 декабр куни Тошкент вилоятининг Зангиота масжидида ўқилган.

Қодиржон Ботиров шу йилнинг 4 декабрь куни Одесса шаҳрида 62 ёшида оламдан ўтган эди.

Марҳумнинг жасади 8 декабрь куни эрта тонгда Москвадан Тошкентга олиб келинган.

Марҳум яқинларининг Озодликка айтишича, олдинига Зангиота тумани ҳокимлиги мулозимлари майитни дафн этишга рухсат беришмаган. Узоқ тортишувдан сўнг Ботировнинг яқинлари ҳокимликдан руҳсатномани олишга муваффақ бўлишган ва марҳумнинг жасажи Зангиота қабристонида тупроққа қўйилган.​

​Қодиржон Ботировнинг Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлган яқинлари бундан олдин марҳумни Қирғизистоннинг Жалолободида дафн қилиш имкониятларини ўрганишганди.

Улар бу борада маҳаллий фаоллар, оқсоқоллар ва расмийлар билан маслаҳатлашувлар ўтказишган.

Маслаҳатлашув натижасида Қодиржон Ботировнинг жасадини Жалолободга олиб келмаслик тўғрисида қарорга келинган.

Шундан сўнг улар марҳумни Тошкентга олиб бориб, Зангиота қабристонига дафн этишга қарор қилишган.

Қирғиз ҳукумати Қодиржон ботировни 2010 йил июнида Жалолободда содир бӯлган қонли этник тӯқнашувларнинг ташкилотчиларидан бири сифатида айблаб, сиртдан умрбод қамоқ жазосига маҳкум этган.

Унинг ўзи қирғиз маҳкамаси 2011 йил ноябрида эълон қилган ҳукмни сиёсий, деб атаган.

Қирғизистоннинг энг бой одамларидан бўлган Қодиржон Ботиров 2010 йилдаги давлат тўнтариши чоғида муваққат ҳукуматни қўллаб-қувватлаганди.

Қонли воқеалар ортидан Қодиржон Ботиров 2011 йилда Швециядан бошпана олган эди.

2010 йил июнида Қирғизистон жанубида юз берган этник тўқнашувларда юзлаб инсон ҳалок бўлган, юз минглаб одамлар вақтинча уйларини ташлаб чиқишга мажбур бўлган эди.