Абдулазиз Комилов Қирғизистоннинг янги элчисини қабул қилди
(last modified Thu, 20 Dec 2018 11:07:38 GMT )
декабр 20, 2018 16:07 Asia/Tashkent
  • Абдулазиз Комилов Қирғизистоннинг янги элчисини қабул қилди

Бугун Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Қирғизистон Республикасининг фавқулодда ва Мухтор элчиси этиб тайинланган Ибрагим Жунусовни қабул қилди.

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизматига кўра, Ишонч ёрлиқлари нушасини топширишга бағишланган қисқа маросимдан сўнг Ўзбекистон – Қирғизистон кун тартибининг муҳим масалалари бўйича суҳбат бўлиб ўтди.

Учрашувда икки томонлама муносабатларнинг кўп қирралилиги ва жадал ривожланаётганлиги, бунда марказий ўринни олий даражадаги мунтазам учрашувлар эгаллаётгани мамнуният билан эътироф этилди.

Таъкидланганидек, бир-бирининг манфаатларини ҳурмат қилиш ва ўзаро фойдага асосланувчи савдо-иқтисодий, инвестицион ва минтақалараро алоқалар давлатлараро мулоқотда муҳим ўрин тутади.

18 декабрь куни Ўш шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистоннинг чегарадош вилоятлари раҳбарлари билан Қирғизистон Ҳукуматининг чегарадош вилоятлардаги мухтор вакиллари кенгаши иккинчи йиғилишининг муваффақиятли якунлари ҳамда эришилган аниқ келишувлар томонларда ҳамкорликни кенгайтириш учун сезиларли салоҳият мавжудлигидан гувоҳлик беради.