Ўзбек-қирғиз чегарасида 5 йилдан ортиқ ёпиқ бўлган ўтказиш пункти очилди
25 декабрь куни «Оқ-Тош (Қирғизистон) — «Бирлашган» (Ўзбекистон) ўтказиш пункти ишини қайта тиклади.
Пункт Қирғизистоннинг Барак эксклави аҳолисини мамлакатнинг асосий ҳудудига тўсиқсиз ўтишига хизмат қилади.
Бу ҳақдаги келишувга 18 декабрда Қирғизистон бош вазири Маҳаммадкалий Абилгазиев ва Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ўртасидаги музокаралар чоғида эришилган. Музокаралар икки мамлакат чегарадош вилоятлари раҳбарлари Кенгашининг иккинчи йиғилишида бўлиб ўтган.
«Оқ-Тош» ўтказиш пункти давлат чегарасининг Қирғизистон—Ўзбекистон қисмида жойлашган ва Барак эксклавини Ўш вилоятининг Қора-Сув тумани билан боғлаб туради. Мазкур пункт Барак қишлоғи аҳолисини ўтказишни 2013 йилнинг баҳорида вақтинча тўхтатган эди.
Қирғизистон давлат чегара хизмати Ўзбекистон томони билан келишув асосида 2013—2015 йилларда қишлоққа озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари, ёқилғи-мойлаш материаллари, уруғ, ўғит ва бошқа маҳсулотларни ташишни давом эттирган.