Ўзбекистон ва Туркманистон ҳамкорликни янада кенгайтирмоқчи
(last modified Sat, 26 Jan 2019 05:41:56 GMT )
Январ 26, 2019 10:41 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ва Туркманистон ҳамкорликни янада кенгайтирмоқчи
    Ўзбекистон ва Туркманистон ҳамкорликни янада кенгайтирмоқчи

2019 йилнинг 25 январь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов Туркманистон фавқулодда ва мухтор элчиси Язгули Маммедов билан учрашди.

Суҳбат чоғида 2018 йилдаги ҳамкорлик якунлари сарҳисоб қилинди ва Туркманистон президентининг 23-24 апрель кунлари амалга оширган давлат ташрифи ва Тошкентда бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувлар икки томонлама муносабатларнинг марказий воқеаси бўлганлиги таъкидланди.

Қайд этилганидек, икки давлат раҳбарларининг мустаҳкам сиёсий иродаси туфайли бугунги кунда Ўзбекистон-Туркманистон муносабатлари қардош мамлакатлар ва халқларга хос бўлган яқин қўшничилик ва стратегик ҳамкорлик руҳида ривожланмоқда. Хусусан, ўтган йили икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси ҳажми аввалги даврга нисбатан қарийб 70 фоизга ошиб, 302 миллион доллардан кўпроқни ташкил этди.

Учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ушбу йил бўлиб ўтадиган қўшма тадбирлар жадвали ва кун тартиби батафсил муҳокама қилинди.

Музокараларда ўзаро манфаатли барча соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтиришга томонлар тайёр эканлиги тасдиқланди, дейилади ТИВ хабарида.