01 571 SAV авторақами онлайн аукционида 220,4 млн сўмга сотилмаган
-
01 571 SAV авторақами онлайн аукционида 220,4 млн сўмга сотилмаган
2019 йилнинг 25 январида турли ижтимой тармоқлар ва интернет ресурсларида 01 571 SAV авторақами 220,4 млн сўмга «Ўзбекистон Республика товар хомашё биржаси» АЖнинг онлайн аукциони — avtoraqam.uzex.uz’да сотилганлиги тўғрисида хабар тарқатилган эди.
«Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 31.08.2017 й. 683-сонли «Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ 01 571 SAV авторақами оширилган тўлов ставкалари бўйича бериладиган I, IA, III, IIIA типидаги автотранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларининг (РЎДРБ) рўйхатига киритилмаганлиги сабабли тарқатилган маълумотлар ҳақиқатга зид», деб хабар бермоқда «ЎзРТХБ» АЖ матбуот хизмати.
«Харидоргир ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган РЎДРБ оширилган тўлов ставкалари бўйича бериш ставкалари энг кам ойлик иш ҳақининг 150 баравари миқдорида белгиланган.
Ижтимоий тармоқларда ушбу авто рақамга оид шов-шув кўтарилишига ундаги 571 рақамлари Муҳаммад алайҳиссаломнинг милодий йил ҳисобида туғилган йилини билдириши, SAV эса «саллоллоҳу алайҳи васаллам» сўзларининг қисқартмаси сифатида талқин қилиниши сабаб бўлди.
Илгарироқ, «ЎзРТХБ» АЖ онлайн аукционида «чиройли» авторақамларнинг сотилиши бюджетга 121,7 млрд сўм даромад келтиргани хабар қилинган эди.
Умуман, онлайн аукцион фаолият кўрсатаётгандан буён энг қиммат сотилган авторақам Самарқанд вилоятига тегишли бўлиб турибди. 30 777 ААА авторақами 301 миллион 654 минг 338 сўмга сотилган эди.