Ўзбекистон иқтисодий эркинлик рейтингида 12 поғона кўтарилди
Ўзбекистон иқтисодий эркинлик рейтингида 12 поғона юқорилаб, 140-ўринни эгаллади
Форс ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Ўзбекистон Heritage Foundation тадқиқот институти эълон қилган 2019-йилги иқтисодий эркинлик рейтингида 140-ўринни эгаллади.
Мулк ҳуқуқи, солиқ юки, савдо эркинлиги ва иш эркинлиги сингари ҳуқуқларни ҳимоя қилиш индекси анча ошган. Лекин, солиқ эркинлиги ва текширув органлари ишлари ўтган йилга ўхшаб ҳали ҳам паст натижа бермоқда.
Инвестиция эркинлиги анча яхшиланган, бироқ айрим ҳудудларда ўртача ҳисобдан ҳам паст рейтингни кўрсатмоқда. Шунингдек, ушбу хабарда келишича, Ўзбекистонда қонун устуворлиги анчагина заифлигича қолмоқда.
Шу билан бирга Ўзбекистонда коррупция кўлами кенглиги ва ички саноат ҳамда иқтисодиётнинг турли соҳаларда давлатнинг аралашуви яққол кўзга ташланиб туради.
Ўзбекистонга максимал 100 баллдан 53,3 балл берилган. Ўтган йилги рейтингда Ўзбекистон 51,5 балл билан 152-ўриндан жой олганди.
Марказий Осиёдаги республикалар орасида Қозоғистон 59, Қирғизистон 79, Тожикистон 122 ва Туркманистон 164-ўринда қайд этилган.
Рўйхатга жами 180 давлат киритилган бўлиб, 1-ўринда 90,2 балл билан Ҳонгконг, охирги ўринда 5,9 балл билан Шимолий Корея жойлашган.