Абдулла Арипов масъул лавозимларга хорижда яшаётган ватандошларни тайинлайди
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев “Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг стратегик вазифалари амалга оширилиши самарадорлиги учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг масъулиятини оширишга доир биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосарларининг эътибори тегишли вазирликлар, идоралар, давлат ва хўжалик бошқаруви бошқа органларининг биринчи раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари лавозимларига муносиб, ўз ишини пухта биладиган ва замонавий фикрлайдиган номзодларни танлашга доир кадрлар билан ишлашнинг сусайтирилишига йўл қўйиб бўлмаслигига қаратилади.
Ўзбекистон Республикасининг бош вазири А.Н.Арипов Ўзбекистон Республикаси президенти Администрацияси билан биргаликда 2019 йил 1 мартга қадар:
тегишли давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг бўш лавозимларига, ушбу лавозимларга хотин-қизларни тавсия этишга алоҳида эътибор берган ҳолда, тайинлаш учун номзодлар захирасини пухта ишлаб чиқади, асослайди ва кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси президентига тақдим этади;
масъул лавозимларга хорижда яшаётган ватандошлар ва хорижий мутахассислар орасидан тажрибали менежерларни тайинлаш амалиётини кенг жорий этади.