Ҳарбий хизматга чақирув вақти ўзгариши кутилмоқда
Ҳарбий хизматга чақирув тадбирларини йилнинг февраль—март ойларида ўтказилиши чақирув ва йиғин пунктлари хоналарида белгиланган иссиқлик ҳароратини таъминлашда қатор қийинчилик ва сарф-харажатларнинг ортишига олиб келмоқда, деб хабар беради Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.
Аксарият ҳолатларда ноқулай об-ҳаво шароити мамлакатнинг узоқ ҳудудларида яшовчи фуқароларни ўз вақтида чақирув ва йиғин пунктларига етиб келишларига тўсқинлик қилмоқда. Шунингдек, қиш мавсумидаги йўллар ҳолати олис ҳудудларда яшовчи фуқароларнинг чақирув тадбирларида тўлиқ иштирок этишини қийинлаштирмоқда.
Чақирув тадбирларини ўтказиш даврида йилдан йилга такрорланиб келаётган камчиликлар ва юқорида кўрсатиб ўтилган ортиқча сарф-харажатлар ҳамда энг аввало, фуқароларга қулайликлар яратишни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг 2018 йил 28 ноябрда ўтказилган кенгайтирилган таркибдаги йиғилишида
Ўзбекистон Республикаси президенти, Қуролли Кучлар олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёев томонидан фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга чақириш ва белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган фуқароларни захирага бўшатиш муддатини йилнинг феврал-март ойларидан март-апрель ойларига ўтказиш таклифи берилган.