Ўзбекистонда АЭС қурилиши 2022 йилда бошланади
Ўзбекистон атом электр станцияси қурилишини 2022 йилдан эрта бошламайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг 7 февраль куни тасдиқланган Атом энергетикасини 2029 йилгача ривожлантириш концепциясига таяниб, «Podrobno.uz» хабар бермоқда.
Ҳужжатга кўра, мамлакатдаги илк атом электр станциясини барпо этиш уч босқичда амалга оширилади.
Биринчи босқич — 2019—2020 йилларда АЭС қуриладиган жой аниқланади, 2020—2021 йилларда лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. 2022 йилдан эса объект қурилишига киришилади.
Қуввати 2,4 ГВт бўлган икки энергоблок ишга туширилгандан сўнг, станция ҳар йили 18,9 миллиард кВт/с ишлаб чиқариши, 2 700 иш ўрни яратилиши режалаштирилмоқда.
Лойиҳа Ўзбекистоннинг шахсий маблағлари ва Россия давлат кредити ҳисобидан молиялаштирилади.