Шавкат Мирзиёев Максим Орешкинни қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 март куни Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Россия ҳукуматлараро комиссияси ҳамраиси, Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазири Максим Орешкинни қабул қилди
Давлат раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари, шунингдек, кўп қиррали амалий ҳамкорлик жадал ривожланиб, изчил мустаҳкамланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.
Россия иқтисодий ривожланиш вазири Ўзбекистон раҳбарига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ҳамда Ҳукумат Раиси Дмитрий Медведевнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Максим Орешкин Ўзбекистонда мамлакатнинг барқарор тараққиётини таъминлаш, иқтисодиётни либераллаштириш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, инвесторларни ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотларни юксак баҳолади.
Россия ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш, турли соҳаларда истиқболли қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун бундан буён ҳам зарур чоралар кўришга тайёр экани таъкидланди.