Қозоғистон Ўзбекистонга таклиф билан чиқди
Қозоғистон ўзбекистонлик тадбиркорларга мамлакат қишлоқ хўжалиги лойиҳаларида иштирок этиш таклифи билан чиқди. Бу ҳақда ташқи ишлар вазири ўринбосари Ермек Кошербаев бизнес-форум якунлари бўйича хабар берди, деб ёзмоқда «Казинформ».
«Биз ўзбекистонлик тадбиркорларни қишлоқ хўжалиги лойиҳаларимизда кенг иштирок этишга таклиф қилдик, сабаби Қозоғистон - Евросиё иқтисодий иттифоқи бозорига кириш учун катта майдон. Айни пайтда биз ушбу масала юзасидан Ўзбекистон томонидан жавоб олдик, уни муҳокама қиламиз. Шу билан бирга, Марказий Осиё минтақаси ҳам ҳар икки мамлакат ишбилармонлари орасида қизиқиш уйғотмоқда», - деди Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ҳукуматга Ўзбекистон билан биргаликда янги халқаро савдо зонаси ва «Туркистон» ўтказиш пункти яратиш масаласини ишлаб чиқиш ҳақида топшириқ берди.