Комилов БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги янги доимий вакилини қабул қилди
2019 йилнинг 3 апрель куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили этиб тайинланган Матилда Димовскани қабул қилди.
ТИВ хабарига кўра, Матилда Димовска БМТ Тараққиёт дастури Администратори Аким Штайнернинг унинг Ўзбекистонга тайинлангани ҳақидаги мактубини тақдим этган. Вазир М.Димовскани лавозимга тайинлангани билан табриклади ва унга муваффақиятлар тилади.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва БМТТД ўртасидаги муносабатларнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, қабул қилинган 2017-2021 йилларда ривожланишнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини қоидалари Барқарор тараққиёт мақсадларига (БТМ) мос келади, бу ҳужжатлар бош тамойил - «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» тамойили бирлаштиради.
Вазир БМТ, жумладан БМТТДнинг экология муаммоларини ҳал этишга кўмаклашишга қаратилган саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. Таъкидланганидек, БМТ шафелигида Оролбўйи учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст жамғармасининг ташкил этилиши улкан минтақанинг экологик муаммоларини ҳал этиш соҳасида муҳим воқеа бўлди.
Матилда Димовска Ӯзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёнида БМТнинг фаол иштирок этиш мақсадини тасдиқлади ва 2016-2020 йилларда Ўзбекистоннинг ривожланиш мақсадларига кўмаклашиш бўйича учун БМТнинг Ҳадли дастурини (UNDAF) амалга ошириш жараёнини юқори баҳолади, дейилади хабарда.