Швейцария суди Гулнора Каримова иши бўйича иккита муҳим қарор қабул қилди
Швейцария федерал жиноят суди Тошкентдаги жазони ижро этиш колонияларидан бирида жазо ўтаётган Гулнора Каримова (Ўзбекистон Республикаси собиқ президентининг тўнғич қизи) иши бўйича иккита муҳим қарор қабул қилди, деб ёзмоқда Nashagazeta.
Нашрнинг Le Temps газетасига таяниб ёзишича, федерал жиноят суди (TPF) қарорларидан бирига кўра, уч дона суперкарнинг сотуви бекор қилинади. Умумий нархи 1 миллион швейцар франкидан ошиқроқ бўлган Mercedes-Benz SLR2DR, Bentley Arnage ва Range Rover Sport V8 автомашиналари Гулнора Каримова томонидан 2009 йилда 18,2 миллион франк эвазига харид қилинган Колоньи поместьеси ҳудудида қолади. TPF’нинг қайд этишича, автомашина калитлари 2013 йилда мусодара қилинган, бироқ ўтган йиллар давомида прокуратура (MRC) уларнинг тақдири билан қизиқмаган.
Суднинг иккинчи қарори эса бу иш билан кўп йиллардан буён шуғулланаётган прокурор Патрик Ламоннинг 2018 йилнинг сентябрида Ўзбекистонга норасмий ташрифи боис алмаштирилиши билан боғлиқ. Тошкентга у конфедерация бош прокурори Микаэл Лаубер ва MRC’нинг бошқа ходимлари билан бирга борган. Гулнора Каримованинг адвокатлари мазкур ташриф борасида тайинли тушунтириш ололмаган ва уни шубҳали деб топишга эришган. Натижада, ишнинг боришига бевосита таъсир ўтказиши мумкин бўлган Патрик Ламон энди бошқа ишни тергов қилиш билан шуғулланади.
Ўз навбатида, прокуратура Тошкентга ташрифдан мақсад тергов давомида ўзаро ёрдам кўрсатиш шартларини аниқлаштириб олишдан иборат бўлганини таъкидлаган. TPF’нинг хулосасига кўра, тергов бошлиғининг сафари унинг ишида фойдали бўлиши мумкин бўлган, бироқ у Швейцарияга қайтганидан сўнг ишда янги маълумотлар пайдо бўлмаган.
Музлатилган юз миллионлаб франклар эса беркитилган ҳисоб рақамларида қолишда давом этади. Tribune de Geneve нашрининг ёзишича, ўтган йилнинг июлида Гулнора Каримованинг адвокати Грегуар Манжа Конфедерация прокуратурасига Гулнора Каримованинг «ҳимояси билан боғлиқ турли харажатларни қоплаш учун» 500 миллион франкни блокировкадан халос этишни сўраб сўров юборган. MRC рад жавоб берган ва буни тергов натижаларига кўра музлатилган бу пуллар жиноий йўллар билан қўлга киритилгани эҳтимоли юқори эканлиги билан тушунтирган. Грегуар Манжа эса тайинланган адвокат саналади ва бу ишда унга маошни давлат тўлайди.
2019 йилнинг апрель ойи бошларида адвокат Тошкент вилояти Зангиота туманидаги №21 аёллар колониясига борганди. Гулнора Каримовани 5 март куни уй қамоғидан шу ергаўтказишганди.
Қайд этиш керакки, Гулнора Каримова 2008 йили Ўзбекистоннинг БМТдаги вакили этиб тайинланганди. Бироқ 2013 йили у дипломатик иммунитетдан маҳрум бўлади ва Швейцария прокуратураси унга нисбатан пулларни ўзлаштириш айби билан жиноий иш очади. Натижада унинг Швейцария банкларидаги ҳисобида сақланган 800 млн франк музлатиб қўйилади.
2017 йилнинг ёзида Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримова иши бўйича маълумот берган, унга кўра Гулнора Каримова 2015 йилнинг августида, яъни биринчи президент Ислом Каримов даврида қатор молиявий жиноятларда айбдор деб топилгани ва унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлангани маълум бўлганди.
Кейинроқ Гулнора Каримовага нисбатан фирибгарлик, хорижий валютани яшириш, божхона қонунчилигини бузилиши бўйича яна бир жиноий иш қўзғатилган.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси расмий сайтида хабар қилинишича, 2017 йилнинг 18 декабрида 10 йилга озодликдан маҳрум этилган Гулнора Каримовага жазо 2018 йилнинг 1 июлида 5 йилга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган ва жазони қизи Имон Каримованинг уй манзилида ўташи керак бўлган. Г.Каримова озодликни чеклаш қоидаларини бузганлиги, чунончи, уйни тарк этгани, алоқа воситалари ва Интернетдан фойдалангани учун колонияга ўтказилган.
-
Коррупция Маликаси — Гулнора Каримова айбланаётган коррупцион схема (1-қисм)
-
ШОК!!! Гулнора Каримова талон-тарож этган пуллар нималарга сарфланган?