Истанбулда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари орасида паспортга оид муаммолар кўпайди
(last modified Sun, 15 Sep 2019 06:05:48 GMT )
сентябр 15, 2019 11:05 Asia/Tashkent
  • Истанбулда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари орасида паспортга оид муаммолар кўпайди

Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари орасида шахсини тасдиқловчи асосий ҳужжат — паспортга оид муаммолар сони кескин кўпайгани айтилади.

Бу муаммолар асосан Ўзбекистон фуқароларининг паспортни ўғирлатиши, яроқсиз ҳолатга келиши, гаровга бериши, йўқотиб қўйиши ва амал қилиш муддатини ўтказиб юбориши туфайли келиб чиқмоқда.

Ушбу муаммоларни ўз вақтида билан ҳал қилишда Бош консулхона томонидан фуқароларга тегишли ҳуқуқий-консуллик ёрдамлар кўрсатилмоқда ва уларга ватанга қайтиш сертификатлари ўрнатилган муддатда расмийлаштириб берилмоқда.

Хусусан, 2019 йилнинг 1 январидан 1 сентябрига қадар бўлган муддат давомида Бош консулхона томонидан 1 328 кишига Ватанга қайтишида амалий ёрдам кўрсатилди.

Улардан:

671 нафари паспортини йўқотган;

44 нафари ўғирлатган;

263 нафарида паспортнинг амал қилиш муддати ўтиб кетган;

6 нафаридан Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан турли тергов ёки паспортдаги сохта муҳрларни аниқлаш мақсадида олиб қўйилган.

Бундан ташқари, 314 та сертификат Туркияда туғилган ёки кетишга ҳужжати мавжуда бўлмаган болаларга ва 57 таси эса бошқа сабаблар учун расмийлаштириб берилган.