Ҳайдовчилик гувоҳномаси: янгисига алмаштириш шартми? Қаерда алмаштирилади? Қанча тўланади? Алмаштирмаса-чи?
(last modified Wed, 18 Sep 2019 11:00:02 GMT )
сентябр 18, 2019 16:00 Asia/Tashkent
  • Ҳайдовчилик гувоҳномаси: янгисига алмаштириш шартми? Қаерда алмаштирилади? Қанча тўланади? Алмаштирмаса-чи?

Телеграмдаги "Ҳуқуқий ахборот" канали ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш ҳақида кўп сўраладиган саволларга жавоб берди:

Ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш шартми?

Ҳа шарт. 2020 йил 31 декабрга қадар эски намунадаги барча миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига алмаштирилиши керак.

Эски гувоҳномада амал қилиш муддати кўрсатилмаган ёки муддати ҳали тугамаган бўлса-чи?

Эски намунадаги гувоҳнома берилган санасидан ва амал қилиш муддатидан қатъи назар, кўрсатилган муддатгача янгисига алмаштирилиши шарт.

Қандай ҳужжатлар талаб этилади?

Фуқаролик паспорти, эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳамда унинг талони.

Қаерда алмаштириш керак?

Доимий яшаш жойидаги Давлат хизматлари марказлари ёки марказда бундай хизмат мавжуд бўлмаган ҳудудларда ЙҲХБнинг тегишли бўлинмаларида.

Қанча тўлов тўланади?

Эски гувоҳномани янгисига алмаштириш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 фоизи(ҳозирда 156 100 сўм) миқдорида тўлов ундирилади.

Қанча муддатга берилади?

Янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси 10 йил муддатга берилади.

Эски намунадаги гувоҳномалари қачонгача ҳақиқий ҳисобланади?

Эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари 2021 йил 1 январгача ҳақиқий ҳисобланади.

Ҳайдовчилик гувоҳномаси белгиланган муддатда алмаштирилмаса, нима бўлади?

Эски гувоҳнома билан автотранспорт воситасини бошқарган шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чораси қўлланилади.

Янги гувоҳнома шахсини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланадими?

Ҳа. Янги намунадаги гувоҳномага эгасининг шахсини тасдиқловчи расмий давлат ҳужжати мақоми берилган.

Ёрлиқ