Ўзбекистон ва Тожикистон Хавфсизлик кенгашлари ўртасида маслаҳатлашув бўлиб ўтди
Кеча Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппарати ва Тожикистон Республикаси Хавфсизлик кенгаши аппарати ўртасида икки томонлама маслаҳатлашув ўтказилди.
Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов ва Тожикистон Республикаси Хавфсизлик кенгаши котиби Маҳмадали Ватанзода раислигида ўтган маслаҳатлашув чоғида икки томонлама олий даражадаги ташрифлар, Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланиши узоқ муддатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришда ижобий таъсир кўрсатгани қайд этилди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Тожикистон маслаҳатлашуви механизми икки давлат ўртасидаги яқин қўшнилик, дўстлик ва ҳамкорликни изчил ва жадал суръатларда ривожлантиришдек умумий мақсадга хизмат қилиши, фуқароларимиз манфаатларига мос келиши, ўзбек ва тожик халқларининг тинч ҳаёти, фаровонлигини таъминлашга қаратилгани таъкидланди.
Томонлар мамлакатлар ўртасида хавфсизлик соҳасида турли даражадаги кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, келажакда шартномавий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш ва биргаликдаги амалий ҳаракатларни ривожлантиришга тайёр эканликларини тасдиқлади.
Маслаҳатлашув чоғида экстремистлик ва террорчилик фаолиятига қарши биргаликда ҳаракат қилиш соҳасидаги ҳамкорликнинг амалий механизмларини такомиллаштириш, чегаравий хавфсизликни таъминлаш ва умумий давлат чегараларида иқтисодий манфаатларни муҳофаза қилиш масалалари кўриб чиқилди.