Элчи: "Ўзбекистон Эронда ҳиндлар қурган портдан манфаатдор"
Ўзбекистон Ҳиндистон томонидан қурилган Эрондаги Чабаҳор порти ривожлантирилишини қўллаб-қувватлайди. Чунки бу лойиҳа бутун Марказий Осиёда савдо ва алоқаларни ривожлантиришга ёрдам беради. Бу ҳақида Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Фарҳод Арзиев Hindustan Times нашрига берган интервюсида маълум қилди.
Хавфсизлик ва терроризмга қарши кураш, савдо-сотиқ каби соҳалардаги ҳамкорликдан ташқари Ўзбекистон ҳинд университетларининг ҳам мамлакатда очилишидан манфаатдор. Шунингдек, элчи Тошкентдаги Амити ва Андижондаги Шарда университетлари очилишини ҳам ижобий баҳолаган.
«Биз учун Чабаҳор лойиҳаси катта амалий аҳамиятга эга ва шубҳасиз, лойиҳа тўлиқ амалга оширилса, Ҳиндистон, Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиё учун кенг кўламли имкониятлар очилади», деди у.
Элчининг қўшимча қилишича, Ўзбекистон Ашхободдан то Ҳинд океанигача бўлган Шимол-Жануб транспорт коридори барпо этилишини ҳам қўллаб-қувватлайди.